Муаммолар ечими – муваффақият омили
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ихчам ва ҳаракатчан, бозор ўзгаришлари ва истеъмолчилар эҳтиёжларига тез мослашувчан тармоқ сифатида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ихчам ва ҳаракатчан, бозор ўзгаришлари ва истеъмолчилар эҳтиёжларига тез мослашувчан тармоқ сифатида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш корхоналар барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун қулай муҳит яратишга бағишланган конференция-семинарда ҳам асосий эътибор корхоналар таклифларини ўрганиш, уларга туман, шаҳар ва республика идоралари миқёсида ёрдам беришга қаратилди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ ва божхона имтиёзларини кенгайтиришга катта аҳамият берилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича режали текширувлар фақат охирги режали текширув давридан кейинги муддатни қамраб олиши белгиланган. Тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган хатоларни текширув давом этаётган даврнинг ўзида тўғрилаш имкониятининг яратилиши улар фаолияти тўхтатиб қўйилиши ва тугатилишининг олдини олади.
Яшнобод туманидаги тўрт мингга яқин тадбиркорлик субъектининг қарийб уч ярим мингтаси кичик бизнес тармоғида фаолият кўрсатмоқда. Шундан 907 корхона саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектидир.
Туманда жорий йил бошида 249 кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмаётгани аниқланиб, уларнинг фаолиятини тиклаш юзасидан амалга оширилган изчил чора-тадбирлар самарасида 50 га яқин корхона фаолияти қайта йўлга қўйилди, 250 янги иш ўрни яратилди. Кам қувватли, фаолият кўрсатмаётган корхоналар, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни ишга тушириш ва молиявий соғломлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарасида 14 бўш турган объект ишга туширилди, битта объектда қурилиш ишлари якунланди.
Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига тумандаги 12 корхонанинг 42 лойиҳаси киритилган. Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 558,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа қарийб 160 фоизга бажарилди.
– Президентимизнинг фармони асосида жорий йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди “ТSM Мехобработка” корхонаси раҳбари Наталья Попова. – Хусусан, тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилган масъул ходимлар, тадбиркорни турли ҳомийлик ва шунга ўхшаш тадбирларга мажбурий жалб этган назорат қилувчи ҳамда бошқа давлат органи мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланиши шу турдаги муаммоларнинг бартараф этилишида муҳим омил бўлмоқда.
Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат-текширув идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари тадбиркорларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.