“Мозийга тикилиб Муғанний йиғлар...”
Америкалик тадқиқотчи, дипломат ва сайёҳ Южин Скайлернинг 1876 йилда Лондонда нашр этилган “Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” асари, ниҳоят, ўзбек ўқувчиси қўлига етиб борди.
Америкалик тадқиқотчи, дипломат ва сайёҳ Южин Скайлернинг 1876 йилда Лондонда нашр этилган “Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” асари, ниҳоят, ўзбек ўқувчиси қўлига етиб борди.
Китобга сўзбоши битган профессор Дилором Алимова асар ўлканинг Россия империяси истилосидан кейинги ҳаёти ҳақидаги ажойиб манба экани ва Арминий Вамберининг машҳур “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китобидан қолишмаслигини таъкидлаган. Аммо бу китоб шу вақтга қадар на рус, на ўзбек тилига таржима қилинган. Рости, шундай инобатли манбанинг архивларда бир асрдан зиёдроқ чанг босиб ётгани ҳайратланарли...
Южин Скайлер Туркистонга 1873 йилда – Россия империяси Ўрта Осиё хонликларини бирин-кетин забт этаётган даврда келади. Ўлка тарихи, табиати, қадриятларидан анча-мунча бохабар сайёҳ ўнлаб шаҳару кентларни гоҳ пиёда, гоҳ маркабда кезади. Ажнабий дипломат дунёдан узилган, жаҳолат маърифатни доғда қолдирган, зулм адолат пайини кесган ўлкани гоҳ ҳаяжон, гоҳ ҳайрат ила кузатади.
Туркистон Южин Скайлер тамсил этган давлат – Америка учун сирли-тилсимли бир олам эди. Шу боис, океанортидан келган сайёҳ ўлка халқлари ҳаётини ипидан игнасигача ўрганишга уринган. У бир ўринда этнограф, бир лавҳада тарихчи, диншунос, яна бир саҳифада журналист бўлиб гавдаланади.
Зукко муштарийнинг ёдида бўлса керак, “Ўтган кунлар” романининг “Ота-она орзуси” бобида бундай мунозара кечади:
“Отабек ҳам қизишди:
– Хотин бўлмаса, нима, ахир?!
– Қошлиқ, кўзлик бир анди!
– Анди деганингиз нима ўзи?
Юсуфбек ҳожи ўғлини босиш ўрнига жавоб бер, дегандек қилиб илжайган ҳолда хотинига қаради. Ўзбек ойим “анди” маъносини билдириб, андиларнинг сиҳрини рад қилиш учун бир оз тутилиқиб қийналди:
– Анди... анди... ўзи хитойми, нима бало... ўзи қалмоқдан тарқаған бўладир... Тушунмаган бўлсанг, лўлиларнинг бир тоифаси...”
Амриқолик зукко сайёҳ битикларида Ўзбек ойим мушкулини осон қилиб, “анди”лар ҳақида ҳам мухтасар маълумот беради: “Яна бу ерда бошқа бир кичикроқ, ғалати халқ ҳам борлигини эслатиб ўтишим шарт. Улар Анди деб аталиб, Чимкент ва Авлиёота орасидаги иккинчи почта бекати – Машҳад ва унга қўшни яна учта қишлоқ аҳолиси саналади. Улар туркий лаҳжада сўзлашиб, аёлларининг очиқ юришига рухсат беришган, бир-бирлари билангина ўзаро никоҳдан ўтишиб, ўзларини Анди деб аташларини хоҳламайдилар, шунга кўра, насл-насабидан ор қилади деб тахмин қилиш мумкин”.
Ўрлашсанг ётиб олиб ўрлашадиган, беллашсанг белингдан қўл олмайдиган бир хорижлик олимга дини бошқа, эни бошқа халқлар ҳаётини синчиклаб ўрганиш нима учун зарур бўлган? Етти пуштини билмай яшаяпти-ку одамлар! Фикран Тошкентдан нари чиқмаган, қаричи Тахтиқорачадан бери ошмаган калондимоғлар камми юртимизда?! Южин Скайлер ҳаяжон ила ҳикоя қилган туркий уруғлар моҳиятига ақли етмайдиган зиёлилар қанча!
Бул амриқоликнинг отасига раҳмат! Олим бўлсанг, шундай бўлсанг-да! У қадимги рим, араб, хитой манбалари; рус, мўғул, темурийлар давлатига доир тарихий битикларни, жумладан, Бобур Мирзонинг “Бобурнома”си, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” ва “Шажарайи тарокима” асарларини мутолаа қилади, ислом дини ҳамда пайғамбарлар ҳаётини пухта ўрганади. Аҳли мусулмоннинг муқаддас китоби Қуръони каримни ҳам ўқиб чиқади.
Лалмикор халқ билан суҳбатда бўлган сайёҳ қурғоқчилик ўлка халқи бошига катта бало келтиришини, 1770 йил Бухородаги қаҳатчилик, 1810-1811 йиллардаги очарчилик даврида одамлар ҳатто фарзанди ва яқинларини сотганини қайд этади.
Дипломат адолатсиз, қўрқоқ ва кайф-сафога берилган беклар билан ҳам танишади. Ўлка тождорлари олдида ҳисобдор бўлмагани боис кўрган билганларини бўяб-бежамай ҳикоя қилади. Муаллиф Туркистон ҳаёти зоҳирини кўрса-да, ботинига етиб бормаган, ахлоқий муносабатларни чуқур идрок этмаган ўринлар ҳам учрайди. Қолаверса, ажнабий сайёҳ мусулмон ҳаётини ғарбча андозалар билан ўлчайди.
ТОЖДОРЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ
Скайлер Худоёрхон билан илк учрашуви ҳақида ёзар экан, “бухороча яшил чодирда оқ саллали учта эркак” ичида қай бири хон эканини дафъатан фаҳмламаганини қайд этади. Иккинчи кўришув Балиқчи беклигида рўй беради: меҳмон мезбонга – “тўладан келган, эллик беш ёшлар чамаси, қизғиш ранг соқолли” Худоёрхонга ўнг қўлини кўксига қўйиб таъзим қилади. Ўз навбатида хон ҳам саломлашиш учун амриқолик дипломатга қўл беради. Ўртада суҳбат бўлмаган чоғи, муаллиф ортиқча тафсилотга тўхталмаган. Аммо у солиқ юкини кўтаролмай қадди дол бўлган ва хонга қарши қўзғалган халқ ҳаётини атрофлича тасвирлайди. Сайёҳнинг шоҳидлик беришича, хонликда олиқ-солиқ турлари шу қадар кўп бўлганки, ҳатто ҳовуз бўйида яшовчилар зулук солиғи тўлаган. Бундан ташқари, масжидга тайинланган имом хонликка ўн танга, сўфи эса беш танга бериши лозим бўлган...
Скайлер Худоёрхон шахсиятига чизги берар экан, “Фақат солиқлар эмас, балки бошқа муносабатларда ҳам хон мустабид ҳоким саналади... Ёшлигида хийлагина ахлоқсиз бўлиб, 1853 йилда бош вазири Мусулмонқулни қатл этгач, қотилга ҳам айланди. Томирида қипчоқ қони оқаётганига қарамай, 20 минг қипчоқни қатлиом қилди ва мамлакат аҳли нафратига учради” деб ёзади.
Исҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарида ҳам Қўқон хонининг “Русиядан хотиржам бўлуб, вақтини ўйин-кулки билан ўткаруб, қуш солмоқ ва кўкбўри чопмоқ йўлларинда бўлуб, уламо ва фузало насиҳатларига амал қилмай юрган...” баён этилган.
Хўш, ўйин-кулгига берилган тождорнинг ўрдуси – армияси қай аҳволда бўлган? “Қўқоннинг 12 минг кишили қўшини бўлиб, анча суст, қатъий интизом ўрнатилмаган. Бир хил кийинган ва қуролланган иккита одамни зўрға учратдим. Баъзиларида калтак, сўйил ёки пилтамилтиқ бўлса, баъзиларида учи айлана жез, бўғимларига тақиб олган маҳаллий сўйилдан бўлак ҳеч вақо йўқ” деб ёзади сайёҳ.
Зарафшон округи раҳбари, генерал Александр Абрамовнинг махсус хати билан юрган амриқолик меҳмон Бухоро амири Музаффар билан Косонда – чодирда учрашади: “Расмий амалдорлар ташқарида қолиб, ёлғиз мен ва таржимоним ичкарига кирдик.
...Киришим билан у кулимсираб, қўл узатиб кўришди-да, “Генерал омонми?” – деб сўради. “Ҳа, дуруст” деб жавоб бердим. Сўнгра у таржимоним билан қўл бериб кўришгач, чодирнинг ўнг томонига – юзма-юз ўтиришга ишора қилди. Қоидага кўра, у биринчи бўлиб гапириши керак, шу боис сукут сақлаб уни кузата бошладим. У узун бўйли, бақувват, юзи бўзарган, кичкина, қора ва ташвишли кўзлари ҳар томонга пирилларди. Қовоқлари салқиган ва носоғлом, қўллари бутун суҳбат давомида қалтирарди. Соқоли қоп-қора, қуюқ. У кулранг ипак тўн кийиб, оқ салла ўраган эди”.
Скайлер амирга Китоб, Шаҳрисабз ва Қаршига сафар қилгани, беклар меҳмоннавозлик кўрсатгани ҳақида сўзлайди. Амир сайёҳга “Ўзингизни мамлакатингиздагидек ҳис этинг, истаган ерингизга сафар қилинг. Бухоро, Қоракўл, Чоржўйга боринг. Меҳмонимиз бўлинг ва вақтни чоғ ўтказинг. Тўқсабо барча юмушларингизни ўз зиммасига олади” дея илтифот кўрсатади. Амирни обдон кузатган Скайлер Музаффардаги қаҳр ва инжиқлик отаси амир Насруллодан ўтгани, аммо амир марҳум қиблагоҳи каби қаттиққўл ва кучли феъл-атвор соҳиби бўла олмаганини қайд этади. Дипломат ҳукмдор ҳадяси – тўртта тўн ва безатилган отни олиб Самарқандга жўнайди. Ўша ерда амирда яхши таассурот қолдирмаганидан хабар топади. “Амир мендан кўпам қониқмагани сабабини танишув чоғи қўлини қаттиқ сиққаним билан изоҳлабди” деб ёзади у.
УЧ ҲУКМДОР ҲАРАМИНИ БЕЗАГАН ХОНПОШША
Скайлер саёҳатидан ўттиз йил бурун Муҳаммад Ҳакимхон тўра “Мунтахаб ат-таворих” номли тарихий асар иншо этиб, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ҳаётининг сир-асроридан воқиф қилган эди. Ушбу асар ҳам Скайлернинг “Туркистон”и каби қор ёғиб, излар ҳали босилмай туриб қоғозга туширилган. Ҳикоямиз амир ва хонлар замони ҳақида экан, бир қайғули қиссага ҳам қулоқ тутсак.
Қўқон ҳукмдори амир Умархон даврида Нодира, Увайсий, Дилшод Барно каби шоиралар ижод қилгани маълум. Салтанатнинг саодатли замонини Ибрат домла “Ул асрда шоирлик ривожда бўлуб, шуъаролар кўпайган эканлар. Булардан Хотиф, Машраб (Бобораҳим Машраб эмас – О.Т.) ва Адоий, Намангандан Мавлоно Фазлий ва шоиралардан ҳам неча адад фозила хотунлардан бор эканлар, буларни ашъорлари “Мажмуат уш-шуъаро”ларида мастурдир” деб таърифлаган эди. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган Дилшод Барно “Муҳожирлар тарихи” асарида шоҳидлик берганидек, бир қўлида қалам, бир қўлида қилич тутган Амир Умархон – Амирий Ўратепани қамал қилиб, шаҳар ҳимоячиларидан 400 нафарини дорга тортади. 13 мингдан зиёд кишини асир қилиб Қўқонга қайтади. Улар орасида Дилшод Барно ҳам бўлган...
Мусулмондан кофир, кофирдан мусулмон чиқариш Оллоҳнинг ихтиёрида. Аммо Амирий ва Нодирабегим фарзанди, шеъру ғазал ичида улғайган Муҳаммад Алихоннинг (Мадалихон) тубанликлари илдизи жуда чуқур эканини тахмин қилиш мумкин.
Аксарият шарқ ҳукмдорлари феъл-хўйидан йироқ тушмаган Муҳаммад Алихон 1822 йил январ ойида марҳум отаси Умархон ўрнига тахтга чиққач, бўзахўрлик ва каптарбозликка муккасидан кетади. Ҳашаматли каптархоналар қурдиради. Ҳатто у каптарларнинг оёғига тилло ва кумуш ҳалқалар осиб, чиний товоқ ва кошиндан уя ясатади. Каптарнинг ғул-ғули кўнглига урганда, доиразанлик билан машғул бўлади. Унинг тилла ва гавҳар тошлар билан безатилган тўққизта доираси тилларда достон эди. Ўша кезларда шунча кўнгилхушликлар камлик қилади, шекилли, хоннинг ишқи қиморга тушади ва қайсики музофотда донг таратган қиморбоз бўлса, уни чақиртириб, тунни тонгга улаб ошиқ ташлайди.
“Мунтахаб ат-таворих”да ёзилишича, Амир Умархоннинг Баҳодирхожа исмли дастурхончиси бўлиб, унинг хотини Мадалихонни эмизган онаси эди. Шу сабабли Баҳодирхожани “ота” деб чақирарди. Мадалихон ана ўша кўкрагидан сут эмган онаси, ҳусну жамолда тенгсиз аёлга шаҳват қўлини чўзади ва яширинча ниятини ҳосил қилиб юради. “Одамлар билмасдан мени кўнгилочар ишларни қилмасликка ундаб, бу номуносиб қилиқ, дейдилар. Аслида мен ўзим бир неча бор синаб кўрдим – қачон рўза тутиш, намоз ўқиш сингари савоб ишларни қилсам, қайтанга, ўшанча ишим ўнгидан келмай, чаппасига кетади. Қанча гуноҳ ишга қўл урсам, шунча кўпроқ ишим ривож топади”, дейди уялмай.
Ҳакимхон тўранинг баён этишича, Мадалихон отаси Амир Умархоннинг беваси, ўгай онага уйланиб, ўғил кўрган ва унга жуда катта тўй ҳам берган. Қайд этмоқ жоизки, фақиҳлар кишининг илгари отаси никоҳида бўлган хотинидан фарзанд туғилса, у “мақто”, яъни, “дин душмани” деб атаган. Мадалихоннинг иниси Маҳмудхон амир Насруллога нома битиб, уни диндан чиққан акасига танбеҳ беришга ундайди.
Мактубни олган амир Насрулло Қўқон хонига “Эшитишимизча, сиз ўз отангизнинг бевасини ҳалол билиб, никоҳингизга олибсиз. Қайси далилга кўра бу ишга қўл урдингиз?” дея нома юборади. Мадалихон амирга ҳақоратомуз жавоб йўллайди ва Бухорога қўшин тортади.
Хўш, ўша талотўпларда Умархоннинг беваси, шоира Нодирабегим қандай йўл тутган? Увайсийнинг нақл қилишича, Мадалихон ҳарбий юришларда онаси маслаҳати ва розилигини олар экан. Саркаш ўғил онаси маслаҳатларини қабул қилганми, йўқми – бизга қоронғи. Аммо:
“Ғамда ўлдум, ғуссада куйдум, иложим топмадим,
Эмди ҳасратлар билан кечсун мени ёзу қишим.
Оҳким, зулми фалакдин бўлди ахгар Нодира,
Сабру оромим кетиб, ўртаб куяр ичу тошим” деган сатрларидан тахмин қилиш мумкинки, салтанат ишига бош қўшган шоира саройдаги ғайримашруъ ишлар, чиркин ва ахлоқсиз муҳит қаршисида ночор бўлган.
Таниқли олим Ҳайдарбек Бобобековнинг ёзишича, разолатга ботган хон ҳаёти “Ансоб ас салотин ва таворих ал-ҳавоқин” номли қўлёзмада ҳам баён этилган: “Ҳар кимнинг соҳибжамол қизи бўлса, хонга маъқул қилиб, фоҳишалар соябонлик аробага тушиб бориб, ул қизни хоннинг хизматига олдируб келур эрдилар. Вазирлар ва уламолар ва умаролар хижолатда эрдилар, аҳдини риоя айламас эрди. Ҳар кимни қизини соҳибжамол деб эшитса, ҳар вилоятда бўлса ҳам, хоҳ эшон, хоҳ уламо, хоҳ бой – риоя қилмай олдируб келар эрди. Манзур бўлса сақлар эрди, манзур бўлмаса жойига юборур эрди”.
Мадалихон ва амир Насрулло муносабати манбаларда турлича талқин этилган. Мирзо Олим Махдум ҳожи “Тарихи Туркистон” асарида Мадалихон ҳақида салбий гап айтмаган. Хоннинг қатл этилгани, Бухоро амирини қўқонликлар хушламагани, Иброҳим хаёл деган бир нашаванд (тарёки) Фарғонага волий қилиб қўйилганига урғу беради. Ибрат домла “Фарғона тарихи” китобида ўн беш ёшли хонни “манбаи адлу адолат”, “ғозий”, “соҳибқирон” дея мадҳ этади. “Муҳаммад Алихон атосини манкуҳасини олди, балки ҳаромни ҳалол деди, кофир бўлди...” дея ҳукм ўқиган муаррих бошқа бир ўринда “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз афвоҳи носда жорий бўлса ҳам, бу сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиҳига чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон оламан деган Подшоҳхон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамоли бўлуб, муни анга сабаб қилиб келган экан” дея хулоса ясайди.
Алҳосил, амир Насрулло Қўқонни қонга ботириб, олиму фузалолар, уста-ҳунармандларга қўшиб Амир Умархон ва Мадалихон ҳарамининг нақши, гўзалликда малика Билқийсга менгзалган Хонпошшани (Подшоҳхон) олиб Бухоро қайтади.
“Мунтахаб”да баён этилишича, Хонпошша икки йилу тўрт ой давомида Умархон никоҳида туради. Мадалихонга ўн тўққиз йил ҳамтўшак бўлади. Амир Насруллога икки ой танмаҳрамлик қилгач, кутилмаганда амир ғазабига дучор бўлиб, “мақто” фарзандлари билан бирга қатл этилади.
Хонпошша қиссаси ўтмишдаги ижтимоий-ахлоқий таназзулимизга бир далилдир. Эҳтимол, шу боис ҳам бу маҳзун қисса Абдулла Қодирийни ҳаяжонга солгандир? Улуғ адибимиз “Меҳробдан чаён” романининг иккинчи бобини бежиз “Амир Умархоннинг канизи” деб номламаган. Адибнинг шу номда роман ёзиш нияти бўлган...
Южин Скайлер “Мунтахаб”ни ўқимагани аниқ. Аммо у ҳам амир Насруллони қонхўр дер экан, далил сифатида Китоб бегини оиласи билан ўлимга буюрганини далил сифатида келтиради. Саёҳатномада Стоддарт, Конолли каби инглиз жосуслари номини ҳам учратасиз.
Инглиз полковниги ва дипломати Чарльз Стоддарт Бухорода жосусликда айбланиб, қамоққа олинади. Ҳамкасбини қутқаришга келган британиялик разведкачи Артур Конолли ҳам 1841 йилда асир олинади. Амир Насрулло фармонига кўра ҳар икки айғоқчи 1842 йилда қатл этилади. Манбаларда номи зикр этилган яна бир британиялик миссионер Жозеф Вульф 1843 йилда Стоддарт ва Коноллини излаб Бухорога келади ва уларнинг қатл этилганини билгач, Англияга қайтиб кетади. Мирзо Олим Махдум ҳожи “Тарихи Туркистон” асарида инглизларнинг Бухоро ва Қўқонда меҳмон бўлишига хайрихоҳлик билдирган. “Мундин буён инглис ҳукумати биринчи дафъатан бошлаб, Моварауннаҳр ҳукумати илан муносабати дўстона турмоқга ният ва мубошарат этган эди.
Шул асноларда инглислар афғонликлар ила муҳораба қилишиб, Афғонистонга кирган эди. Элчи бўлуб келгон Сутуд Доратнинг маслак ва муддаоси инглислар тарафидин бирор турлик ёмон ният ва ё зарар келтурмасликга амирни ишонтуруб, бошқа давлатнинг, яъни Русиянинг бу мамлакатларга қасд ва тажовузидин сақламоқ ва мудофаа этмакни хоҳлагандин иборат эди” деб ёзади муаррих. Дарвоқе, муаррих инглизларни ўлимга буюргани учун амир Насруллони айбдор санайди. Адабиётшунос Шариф Юсупов ҳам бир мақоласида Мирзо Олим Махдум ҳожи нуқтаи назарини ёқлаган (“Машъум хато ёки гап канизакда эдими?” “ЎзАС”, 2005 йил 10 июнь). Тарихчи Қаҳрамон Ражабов эса “Насруллоҳхон” рисоласида (Тошкент, 2011 йил) ватанпарвар амирнинг қарори тўғри бўлганига бир қатор далиллар келтирган.
Не тонгки, юртимизга “улуғ халоскор” сифатида келган ғайримиллат, ғайридинлар жон дўст эмас, мол дўст эканини ўтмиш ва бугун исбот этиб турибди...
“ТЎРТОВЛОН ТУГАЛ БЎЛСА...”
Туркистон чор истилочилари қўлига ўтганининг бир қанча сабаблари бор. XIX аср бошидан рус давлати уруш домига тортилган эди. Мағлубият, ғалаба, омад ва омадсизлик Русия армияси, унинг саноати ва иқтисоди, ҳарбий ва давлат тузилмасини имтиҳондан ўтказиб турган. Таъбир жоиз бўлса, уруш омили империяни ривожланишга, янги-янги ҳудудларни эгаллашга ундаган. Шимолдаги тождорларнинг иштаҳасини қитиқлаган Ўрта Осиё эса сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан хийла заиф, жуда ночор эди. Бу аянчли манзарани Фитратдан ўтказиб тасвирлаш мушкул:“Салтанат, бойлиқ ва маданият ичгулари бизнинг миямизни бузди, бизни маст этди, қўлимиздағи салтанат қиличи билан маданият дафтарини бир ёнга қўйиб, сафоат чолғуларин олдиқ. Урдик, чолдик, ичдик, йиқилдик, ёндик ва шунлар учун бир-биримиз билан урушдик...”(Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. Т., “Маънавият”, 2003йил, 201-202 бетлар).
Инқирозга юз тутган давримизнинг бошланғич нуқтаси бор, албатта. Льюсен Керен “Амир Темур салтанати” китобида мусулмон оламидаги икки буюк ҳукмдор – Амир Темур ва Йилдирим Боязид тўқнашувидан сўнг туркий дунёнинг буюк инқирози бошланганини асослаб берган. Соҳибқирондан сўнг нимта-нимта бўлган салтанат дунё тараққиётидан асрма-аср, йилма-йил йироқлашиб борган. Биродаркушлик қирғинларини санаб адо қилолмайсиз. Сирасини айтганда, ўзбек томошабини лабини тишлаб кўраётган корейс, чин ёки япон сериаллари Мовароуннаҳр ўтмиши қаршисида хижолатдир...
Исмоил Гаспринский “Таржумон”нинг 1906 йил 11 август сонида Бухоро амири ва Хива хонига шундай мурожаат этади: “Эй давлатлулар! Кечмиш замон ғафлати ила Мовароуннаҳр майдони сиёсатда мағлуб ўлуб, истиқлолини ғойиб этди. Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир...”
Атроф-жавонибда “Тўражонимиз тўлон ойдурурки, ситорадир умаролари” деган байту алёр ўқилиб “кўланкаси майдон” бўлмиш зоти шарифлар аллақайдаги бир газетчи муаллимнинг арзини тинглармиди?! Исмоилбей тушини сувга айтсин!..
Илмий-тарихий манбаларни ўқиб, мутаассир бўласиз. Ёв яроғини ўқталиб остонада турибди. Юрт эгалари “Бирлашайлик!” деганларга қулоқ солмайди, ҳамма ўз кўмочига кул тортиш билан овора. Таассуфки, иттифоқликда яшаш, ғанимга нисбатан якдиллик, оғизбирчилик халқимиз орасида асрлар мобайнида тансиқ бўлган. Кўҳна дунё бу вақт ичида неча бор тўзиб, неча бор тўлди. Эл-элатлар, халқлар, ҳудудлар, тиллар бирлашди. Юзкўрмас бўлиб кетган соҳиби салтанатлар минг йиллик гина-кудуратларни унутиб апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Саҳролар уммонга, уммонлар саҳрога эврилди. Не-не улуғ тоғлар емирилди, осмонўпар чўққилар чўкди. Аммо, афсуски, биз бир мушт бўлиш орзусида фақат куйиб-ёндик. Темурийлар салтанати парчалангач, бир байроқнинг сояси торлик қилиб, улкан давлат уч бўлакка бўлингани ҳали-ҳануз қалбларни ўртайди. Бу элни якқалам бўлишга даъват этганларнинг сўзи ҳавога, яроғи йўқликка учгани-чи! Халқимизнинг “Тўртовлон тугал бўлса тўлмаганни тўлдирар, олтовлон ола бўлса, оғзидагин олдирар” деган мақоли ўз-ўзига айтилган таъна эмасми?!
Шавкат Раҳмон сатрлари ёдга тушади:
“Бурғулар чириган...
занглаган тиғлар...
итлар томоқ ичар олтин тожидан,
мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар”.
Воҳ, XIX аср!
Сен ким учун олтин аср, лекин биз учун ботин асрсан!
Эҳ, XIX аср!
Икки бошли бургутни забардаст қилдинг, аммо уч оға-ини қўлини паст қилдинг...
БЕДАРВОЗА ШАҲАР
Скайлер саёҳатномасида Тошкентнинг XIX асрдаги ижтимоий-маданий ҳолатига доир қимматли маълумотлар берилган. Шаҳарнинг хом ғиштдан тикланган, томи лойсувоқ уйлари баҳорда ёввойи лола, ковул ва бошқа анвойи гуллар билан қопланиб, гўзал тус олишидан ҳайратланган сайёҳ шаҳарда “мол гўшти тақчил ва ёмон, қўй гўшти эса мўл-кўл, арзон ва мазали” деб ёзади. Муаллиф шаҳар аҳли дастурхонига асосан қўй гўшти тортилиши, от гўшти тарихий китобларда татарларнинг махсус егулиги сифатида қайд этилгани, маҳаллий аҳоли от гўшти емаслигини баён қилади. Тошкент халқи кўк чой ичиши, ошдан сўнг сув ичишни зарур деб билиши, қора чой худди ёғоч кана каби руслар келгунча маълум бўлмаганини таъкидлайди. Тақлид емак-ичмакда бўладими, кийиниш ё юриш-туришда бўладими – иллат. Амриқолик сайёҳ Тошкент таассуротларини ўртоқлашар экан, Қуръонда тақиқланган маст қилувчи ичимликлар мусулмон аҳоли орасида кенг тарқалганидан ҳайратини яширмайди.
Скайлердан 16 йил кейин, 1889 йилда Тошкентга келган шоир Фурқат “Аҳволот” асарида кўҳна Шошда Исо масиҳнинг таваллуд куни – Янги йил байрами нишонланганигагувоҳ бўлгани, баъзи мусулмонлар ҳам бунга тақлид қила бошлаганини қайд этаркан, “Русия халқи билан бир ерда турмоқ ҳақ таоло иродаси билан бўлди. Анинг учун аларнинг расмларини яхши билмоқ бизларга зарур, чунки аромизда савдо ва бошқа тааллуқ робиталар кўбдир. Ўз нафимиз учун Русия халқи умриға мулоҳаза қилсақ лозимдур”, деб хулоса ясайди.
Тошкентни кезган Южин Скайлер шоир Фурқатдан фарқли ўлароқ чор маъмурлари бу ерга турли мақсадда – бирови қарз тўловидан қочиб, бирови мўмай даромадни кўзлаб, яна бошқаси пенсияга чиқиш учун қисқа муддат – зарур бўлган иш стажи илинжида, хуллас, бирон ғараз билан келганини таъкидлайди: “Тошкентдаги рус жамияти ўлка ҳақида маълумотларга эга бўлиш тугул, ҳатто унга умуман қизиқмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Айни чоқда, менинг шунчалик узоқдан, улар наздида кўнгилсизликлар макони бўлган бу мамлакатга қизиққаним, уни кўришга келганимни кўпчилик тушунолмади”, деб ёзади сайёҳ.
Чексиз эркинлик ғояси мусулмон жамиятига ҳар доим ҳам наф келтирмаслигини китобни ўқиш асносида англаш мумкин. Ўрта Осиё халқлари турмуш тарзига ёт бўлган (босқинчилар учун кони фойда) чексиз эркинлик миллий ва диний қадриятлар илдизига болта урган. Ана шу нозик жараённи кузатган хорижлик тарихчи илгари Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида “раис” деб аталувчи масъуллар аҳолининг масжидга қатнашини назорат қилгани, аммо кейинги вақтларда Ўрта Осиё халқлари диний ҳаётига аста-секин ўрмалаб кираётган либерализм парокандаликни келтириб чиқараётганини айтиб ўтади. “Руслар Тошкентни босиб олгач, раис идораси бекор қилганидан бери динга амал қилишда анча сустлик кузатилмоқда. Қозиларнинг айтишича, бурунги намозхонларнинг ярмиси ҳам кунлик ибодатга чиқмай қўйган...”
Эвоҳ! Шариат асосига қурилган ҳаёт шунчаки хўжакўрсин учунмиди? Халқнинг бошида раис турса “Оллоҳ!” дейди-ю, назорат бекор бўлса куфрга кетадими? Бундай риёкорлик истило билан бирга келдими ё унинг уруғи аввалроқ униб чиққанмиди?..
Скайлер Тошкентда ҳам руслар, ҳам маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга икки савдогарга алоҳида таъриф беради: “Улардан бири Шарофий деган татар бўлиб, рус аскарлигидан қочиб, бу ерда қарийб қирқ йилдан бери истиқомат қилади. Ундан кўпчилик, ҳатто хон ва унинг саройига яқин одамлар ҳам қарздор”.
Иккинчи йирик савдогар ҳақида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Бошқа бири Саидазим – ўткир ва фитначи одам бўлиб, асли тошкентлик, Оренбург ва Троицкда савдо-сотиқ мақсадида бўлганида рус тилини ўрганиб олган. Тошкент эгалланганида у Троицкда эди. Қайтганида сарт ва татарларнинг таржимонлари руслар орасида шаҳар аҳли ва улар ўртасидаги воситачи сифатида обрўси баландлигини билиб, у дарҳол ўзини рус расмийлари орасига урди. Ўшандан бери ҳар ёқлама ҳурмат-эҳтиром, хушомад ва ҳатто совға-саломлар воситасида улар билан қулай имкониятлар берувчи битимлар тузган. Аслида сартларнинг уни кўрарга кўзи йўқ ва агар руслар Тошкентни ташлаб кетгудек бўлса, халқнинг энг биринчи қиладиган иши уни ўлдириши бўлади, бу ҳақда аҳолидан бир неча бор эшитдим”. (Таъкид бизники – О.Т.)
Скайлер Саидазимбой руслар Хивани забт этгани шарафига тўй-томоша уюштириб, ўз динини таҳқирлаганини ҳикоя қилади. Айрим мутахассислар “Фарғона тарихи”даги мавҳум бир лавҳани асос қилиб, Саидазимбойни дин ва миллат йўлида Худоёрхон ва чор маъмурлари ўртасида воситачилик қилган ватанпарварга чиқариб қўймоқда. Ҳолбуки...
Қарангки, саидазимларнинг уруғи тошга ёйилган экан. Улар XX асрни чирмовуқдай эгаллади: 20-30, 50-йилларда ва 80-йилларда ҳам уларнинг касби юртфурушлик бўлди. Бугун ҳам бундай каслар унда-бунда кўриниб қолади...
Бултур “Ҳуррият” газетаси таклифига кўра Тошкент истилоси ҳақида мақола ёзмоқчи бўлиб ҳар қаричига шаҳидлар қони томган Камолон мавзесини зиёрат қилдим. Рамазоннинг ўн саккизинчи куни, ҳаво одатдагидан кўра салқинроқ. Кайковус ариғи устига қурилган кўприкдан ўтиб, Қозиробод кўчаси бўйлаб юрдим. Кунботардаги қабристондан ўтилгач, йўл Камолон кўчаси билан кесишади. Кўчанинг чап томони бўйлаб узунасига қабристон, унинг ёнида эса бош кентимизнинг табаррук қадамжоларидан Хўжа Аламбардор мақбараси ҳамда масжиди бор.
Шу маҳаллада яшовчи шарқшунос Абдукарим Шаҳидовнинг ҳикоя қилишича, бундан анча йиллар аввал ҳовли таъмирланганида, ертўладан қиличлар чиқибди. “Эски уйлар шаҳар ҳимоячиларининг яширин қурол-яроғ омбори бўлган-да”, дейди домла.
Профессор Ҳамид Зиёев “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашлар тарихи” асарида ёзишича, Тошкент мудофааси меҳнаткаш омманинг умумий ҳаракатига айланиб кетади. Шаҳар деворларида аскарлар ва кўнгиллилар жойлашади. Халқ она юртни ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб билиб, мудофаачиларга ёрдам кўрсатади. Истилочилардан бири ўз эсдаликларида бундай ёзади: “Ҳимоячилар қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Ҳар бир қадам ер қақшатқич жанг эвазига қўлга киритилди. Сартлар томлар, дарахтлар устига чиқиб олган, кўчаларга баррикада – ғов қурган эди. Бир кўчадаги тўсиқни ўт-олов ва қурол билан амаллаб енгиб ўтсак, кейинги муюлишда яна худди шундай қаршиликка дуч келардик. Халқ оиласи ва Ислом дини ҳимояси учун мислсиз шижоат билан жанг қилар, аскарларимизга қарши нафақат қурол, камон, ойболта, ҳатто ғазаб билан тугилган муштини ҳам ишга солар эди” (Таржима бизники – О.Т.)
Генерал Черняев қўмондонлигидаги истилочилар 1865 йилнинг 15 июнига ўтар кечаси Тошкентни забт этади. Қатли ом уюштириб, шаҳарнинг асосий қисмига ўт қўяди.
Скайлер ўша кунларни бундай тасвирлайди: “Тошкент қўлга олингандан кейинги кун эрталаб шаҳардан келган вакиллар генерал Черняевни кутиб олди. У (Черняев) дарҳол ўз таржимонини юборди, аммо барчани ҳайратга солиб, шаҳар вакилларининг етакчиси унга соф рус тилида илм-фан, фалсафа ва тараққиётнинг фойдали жиҳатлари ҳақида сўзлай кетди”.
Нотиқнинг исми – Олим ҳожи Юнусов. У пензалик татарлардан бўлиб, Тошкентга рус истилосидан бурун келган. Скайлернинг ёзишича, у Туркистонда америка пахтасини етиштирган, совун заводи, уйлар қурган. Пахтани чигитдан тозалайдиган, ип йигирадиган дастгоҳлар келтирган.
Тошкент истилосидан бир йил ўтиб – 1866 йили жангда ҳалок бўлган рус зобиту аскарлари кўмилган ер – “Камолон” қабристони яқинида православларнинг кичик бир ибодатхонаси қурилади. Чор маъмурларидан ёдгорлик “Часовня” бугун ҳам турибди, аммо юрт ҳимоячиларининг на номи, на нишони бор...
“Туркистон” асари биз учун дард-изтироб китоби, ҳақиқат излаб минг бир кўйга улоққан халқнинг аламли солномаси! Муаллиф уни, эҳтимол, АҚШ Давлат департаменти буюртмасига кўра битгандир. Аммо, назаримизда, амриқолик тарихчи бизга “Мана, ота-боболарингиз кечмиши! Ўқинг, хулоса чиқаринг” деётгандек...
Эсларсиз, истиқлол арафаси ва мустақилликнинг дастлабки даврида миллий тарих энг кўп муҳокама этилган мавзу бўлди. Истиқлол мафкурасини яратиш талаби қўйилгач, бу мавзу атрофга учқун сачратиб кўкка ўрлаган гулхандек ҳамма ёқни ёритиб юборди. Ўша даврда “Ватан тарихини қандай ўрганмоқ керак?” деган савол долзарб бўлиб, улуғ ва шарафли ўтмишимиз борлигини мустабидларга кўрсатиб қўйиш ўзгача бир ғурур бағишлар эди. Кутилмаган хазина топган одам каби биз ҳам инон-ихтиёримизни ўтмишга бериб қўйдик. Пировардида, таҳқир ва камситишлардан безган халқ матбуот ва минбарларда жаранглаётган “биз буюк ва бой тарихга эгамиз” деган чақириқларга маҳлиё бўлиб, гўё мозий ҳассасига таяниб қолдик. Фикр-ёдимизни тарих банд этди: топганимиз тилло, кўринган авлиё бўлиб қолди. Таназзулимизнинг ягона айбдори эса қизил империя эди гўё...
Бу сиёсий-мафкуравий жараён барча постсовет республикаларида кечди. Халқ ва давлатчилик тарихи кимўзарга қадимийлаштирилди. Бугун, ҳарқалай, бу довул тингандай. Чунки бу нафақат бефойда, ҳатто зарарли тамойил эканини кўпчилик олимлар англаб етди. Насаб ва ҳасаб миллатнинг ривожига заррача наф бермас, халқона айтганда, қорин тўйғизмас экан.
Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: ўзгалар ўз манфаати йўлида бўлса ҳам, Ватанимиз тарихини ипидан-игнасигача ўрганади-ю, биз нега шундай қилмаймиз? Ахир, биров тилимиздан тортиб, ўзингни мақта, ўтмишга ҳамду сано ўқи, қусурларингни бекит, деб зуғум қилмаяпти-ку!
Ўзбеклар нуфусига кўра катта халқлардан. Кўпсонли халқлар эса табиатан бир-бирига ўхшайди – ўтмишдаги зафар ва мағлубиятларни, аламли ва шукуҳли дамларни холис ва ҳаққоний эътироф этади. Сираси, тарихни сохталаштириш, бўяб-безаш катта халқларга ярашмайди.
Босиқлик, вазминлик билан мулоҳаза юритмоқ вақти келди. Аммо бугун ҳам “Ўзимиз-чи, ўзимиздан ўтган жойи йўқми? Йўқотишларимиз илдизи балки феъли-хўйимиздадир” десангиз, кўпчиликка малол келади. Сиркамиз сув кўтармайди-да! “Дунёда тенги йўқ!”, “минтақада ягона!”, “жаҳонда саноқли...” деган таърифу ташбеҳлардан кўзимиз шафақланиб, дунё ранг-баранг ва хилма-хиллигини, унинг бепоёнлигини тамом унутиб қўямиз, сепига маҳлиё келинчак ҳолига тушамиз...
Ҳар қандай расмий ва ҳуқуқий ҳужжатни сохталаштириш қонунан ман этилган. Аммо олис-яқин кечмишни ўрганиб шунга амин бўлдикки, дунёда тарихни сохталаштиришдан осон юмуш йўқ экан. Қалбаки тарих ясовчиларга эса бирон бир қонунда жавобгарлик тайин этилмаган. Шунинг учун ҳам ровийлар тап тортмай ўтрик сўйлайди. Ўтмиш ҳамиша давр пешволарининг хоҳиш-истакларига ҳамоҳанг битилгани ҳам бор гап.
Тарихни танқидий ўрганиш келажак авлодни ёлғондан, бўҳтондан, кибру ҳаводан сақлайди. Нафсиламрини айтганда, тарих кўтар-кўтарга, ҳамду сано ва сохталаштиришга муҳтож эмас. Биз эса уни тор манфаатларимиз, иззат-нафсимизга мослаш пайида бўламиз. Лекин, не тонгки, тарих бу учун албатта ўчини олар экан. Миллий табиатимиздаги фазилату хусусиятлар бугун қанчалар барқарор бўлса, иллату қусурларимиз, тубан истакларимиз ҳам ўша мозий сарчашмасидан сув ичиб турибди. Ўзини тафтиш қилмай, нуқул тарихи билан мақтанаётган халқлар бугун билиб-билмай ўтмишида яшаётир, десак хато қилмаган бўламиз.
Бизнингча, тарих аччиқ бодомга ўхшайди. Мағзию ёғи бадхўр, лекин кўп дардга даво. Ҳамма гап “аччиқ бодом”га эҳтиёжмандликда!
Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Манба: “Тафаккур” журнали