Мўъжизани имкон ва ишонч яратади
“Биз бир жамоамиз, биз турлимиз, биз тенгмиз”. Дарҳақиқат шундай.
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон“ форумлар саройида 3 декабрь – Бутунжаҳон ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси, “Замин” халқаро жамоат фонди, “Имкон” реабилитация маркази кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган концерт дастури жамиятдаги барча қатламларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш, кенг жамоатчиликнинг орзу-интилишларига мос ва хос майдон яратиш орқали халқимиз жипслигини таъминлаш тамойили асосида ўтказилганлиги эътиборли бўлди.
Маълумотларга кўра, ҳозир юртимизда 732 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Бугунги ислоҳотларни таъминлашда аҳолининг ушбу қатлами давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини амалга оширилаётган ишлар кўламида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-4877]
Айниқса, имконияти чекланган, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлаш, уларни интилишларига мос тарзда йўналтириш натижасида қўлга киритилаётган муваффақиятлар не чоғлик аҳамиятли бўлаётганлиги рақамларда ҳам акс этмоқда.
Аҳамиятлиси, театрлаштирилган тамоша тарзда ташкил этилган концерт дастурининг иштирокчиси ҳам, ижрочиси ҳам, томошабини ҳам имконияти чекланган, меҳр-муҳаббатга эътиборталаб инсонлар, республикамизнинг турли вилоятларидаги реабилитация ва ихтисослаштирилган мактаб интернатларининг тарбияланувчилари, паралимпия спорт турлари бўйича малакатимиз терма жамоаларининг аъзолари бўлдики, улар ўз санъатлари, чиқишлари, ўқиган шеър, айтган куй-қўшиқлари орқали биз турли бўлсакда, бир жамоа ва шу Ватаннинг тенг фуқаролари эканлигимизни намойиш этди.
Айниқса, бахши Бойқобил Чориев ва Элдор Турсуновнинг “Биз бир жамоамиз” лапари, енгил атлетика бўйича Рио-2016 паралимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби, Осиё ўйинлари совриндори Миран Сахатовнинг ўзига хос ўйноқи қўшиғи, Нукусдаги “Имкон” реабилитация маркази ўқувчилари ва 22-сонли мусиқа мактабининг «Айкулак» ансамбли жўрлигидаги чиқишлар, Ўзбекистоннинг ёш балетчилари ва 100-республика ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ҳамкорлигида яратилган компазициялар, шунингдек, Наманган вилояти Косонсой тумани ёшларининг алоҳида дастурлари барчага манзур бўлди.
- Давлатимиз томонидан паралимпия спорт турлари ривожига алоҳида эътибор берилаётганлиги натижасида спортчиларимиз жорий йилда ўтказилган нуфузли мусобақаларда улкан ютуқларга эришди.
Ҳозирги кунда юртимизда 3 мингдан ортиқ жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлганлар паралимпия спорти билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Улар орасида 441 нафари турли ёш тоифаларида миллий терма жамоа аъзолари ҳисобланади.
Президентимизнинг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши эса имкониятларимизни кенгайтириш билан бирга, олдимизга юксак вазифаларни қўймоқда. Фармон билан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш бўйича махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимлари босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Улар орасидан иқтидорга эга бўлганларни танлаб олган ҳолда керакли спорт турларига йўналтириш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқилди.
Бугунги ўтказилаётган тадбир ҳам аслида мана шу ишларнинг мантиқий давомидир. Энг асосийси, тадбирнинг иштирокчиси ҳам, томошабини ҳам, ташкилотчиси ҳам имконияти чекланган инсонлар. Бу эса биз бир жамоалигимиздан, биз турли бўлсак-да, тенглигимиздандир, - дейди Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шарифжон Мўминжонов.
Тадбир том маънода байрамга айланди. Нукуслик ёш истеъдод соҳиблари айтганидек, “ҳар куни қўёш бўлсин, ой бўлсин, Ўзбекистон бор бўлсин”, шунда “мўъжизани имкон ва ишонч яратади”.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА