Мўйноқда илмий-амалий конференция
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни сақлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан ташкил этилган конференцияда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, долзарб глобал экологик муаммоларнинг илмий асосланган ечимларини топиш ҳақида сўз борди.
Тадбирда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги Ижро этувчи дирекцияси вакиллари (онлайн форматда), жамғарманинг Тошкент шаҳридаги агентлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистоннинг тегишли илмий-тадқиқот институтлари олимлари, шунингдек, Оролбўйи халқаро инновация маркази, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Конференция давомида Оролбўйи шароитида экотизимларни тиклаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, сувдан самарали фойдаланиш ва инновацион ечимларни жорий этиш масалаларига бағишланган илмий маърузалар ва тақдимотлар тақдим этилди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит (РEС 2026) доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илгари сурган ташаббусларини Оролбўйи минтақасида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида иштирокчилар Орол денгизининг қуриган тубида экологик маданиятни ошириш ва кўкаламзорлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлашга қаратилган рамзий дарахт экиш экологик акциясида иштирок этдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.