Москва ва Пекин янги келишувлар сари
ХХР Компартияси Марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси раҳбари Ван И 22 февраль куни Москвага ташрифи доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашди, деб хабар берди Хитой ТИВ матбуот хизмати.
Ван И Лавров билан учрашувда “янги келишувларга эришишга” умид қилмоқда, дейилади вазирлик ҳужжатида.
– Хитой Компартиясининг XX съезди руҳини ҳар томонлама амалга оширишнинг биринчи йилида биз мустақил ва ўзига ишонган ташқи сиёсатни қатъий амалга оширамиз, – деб баёнот берди хитойлик сиёсатчи. – Ўзаро манфаатли ва фойдали очиқлик стратегиясини давом эттирамиз. Хитой модернизацияси йўлидан бориб, мамлакатимиз тараққиёти учун янги уфқлар очамиз. ХХР ривожи дунёнинг барча мамлакатлари учун қўшимча имконият яратади. Биз барча давлатлар, жумладан, Россия билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этамиз.

Ван И ва Патрушев учрашуви якунлари бўйича эълон қилинган ТИВ ҳужжатида яна шундай дейилган: “Томонлар ҳозирги халқаро стратегик вазиятни муҳокама қилдилар ва биргаликда ҳақиқий кўп томонлама муносабатни амалда қўллаш, бир томонлама таҳдиднинг барча шаклларига қарши туриш, халқаро муносабатни демократлаштириш ва кўп қутбли дунёни шакллантиришга тайёр эканликларини билдирдилар”.
Қайд этилишича, учрашув сўнгида томонлар кўп томонлама форматдаги ҳамкорликни давом эттириш, глобал бошқарувни такомиллаштириш бўйича жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишдилар. Иккала томон ҳам Осиё-Тинч океани минтақасида тинчлик ва барқарорликни қатъий сақлаш зарурлигини таъкидладилар.
Ван И Россия Президенти Владимир Путин томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.
ЎзА