«Морошка» – Сирдарё вилояти драма театри саҳнасида
Халқимиз маданият, санъат соҳасида улкан ютуқлар ва қадимий меросга эга. Президентимизнинг ташаббус ва кўрсатмалари билан бу соҳада ҳам муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси берилаётган эътибор ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, репертуарларини бойитиб бораяпти. Буни театр жамоасининг 47-мавсумини санъатсевар сирдарёликлар кўтаринкилик билан қарши олганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Айниқса, театрнинг тўлиқ реконструкция қилиниши нафақат маҳаллий ижодкорлар ва санъат ихлосмандларида, балки, хорижлик санъат усталарида катта қизиқиш уйғотаётганлиги шубҳасиз.

Куни кеча Санкт-Петербургдаги "Морошка" қўшиқ ва рақс театри ижодкорлари концерт дастури билан Сирдарё вилояти мусиқали драма театри саҳнасида чиқиш қилди.
Томошабинларга рус халқ чолғулари оркестри ҳамоҳанглигида балет ва вокал ижрочилари иштирокидаги "Петербургнинг рус мўъжизаси" спектакли намойиш этилди.

"Рус даласи", "Исмсиз баландликда", "Мовий кўлларга қарайман" қўшиқлари тингловчиларга манзур бўлди.
Маълумот учун, мазкур театр 11 йиллик фаолияти давомида жамоа халқаро танловларда мукофотларни қўлга киритган, дунёнинг 11 мамлакатида гастролларда бўлган. Академик мусиқали театр талабларига мувофиқ ижро этилган фольклор асарлари асосида ноёб концерт дастурини яратган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА