Мораторий дарахтлар кесилишининг олдини олади...(ми?)
Статистик маълумотларга кўра, ер юзининг 20 фоизи яшил ҳудуд ва ўрмонлардан иборат.
“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари лойиҳалари асосида ҳудудларни ободонлаштириш ишларида бунга зарурат туғилса-чи?
Статистик маълумотларга кўра, ер юзининг 20 фоизи яшил ҳудуд ва ўрмонлардан иборат. Ана шу дарахтзорлар бутун тириклик оламини кислород билан таъминлай оладиган муҳим манбалардан биридир. Атроф-муҳит мусаффолиги, турли набодат ва ҳайвонот олами учун ҳам улар жуда муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, дарахтлар ҳаёт мувозанатини сақлаб туради. Агар уларга зиён етса, табиатга, демакки, борлиққа ҳам путур етади.
Афсуски, сўнгги пайтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Жумладан, яқинда пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида кўп йиллик 81 та дарахт ноқонуний кесиб ташланиши оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн. сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланди. Тошкент шаҳар прокуратураси маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан Яккасарой тумани ҳокимлиги ва “Building And Supplies” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Дарахтлар кесилиши билан боғлиқ бу каби ҳолат, афсуски, республикада ягона эмас. Бундай вазиятга юртимизнинг исталган ҳудудида дуч келиш мумкин. Жойлардаги ўрганишлар давомида шу нарса аниқ бўлдики, аҳоли томонидан дарахтлар кесилиши, мамлакатимиз иқлим шароитига мос келмайдиган дарахт турлари экилаётгани ва улар қаровсизлик сабабли қуриб қолаётгани юзасидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.
Яна бир муаммо — жойлардаги дарахт ва буталар сони ва сифати ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, дарахтларда касалликларни аниқлаш бўйича кузатувларда ботаник-мутахассислар жалб этилмайди. Парк, хиёбон ва бошқа жамоат жойларида дарахт кесилиши ва яшил қоплама реконструкцияси жараёнлари бўйича хулоса қабул қилишда жамоатчиликнинг иштирок этиш механизми шаклланмаган.
Шунингдек, шаҳар ва аҳоли пунктларида дарахтларни парвариш қилиш, улардаги турли касалликларга қарши курашиш фаолияти яхши йўлга қўйилмаган, натижада дарахт ва буталар биологик, санитария жиҳатидан ачинарли ҳолатга келиб қолган. Дарахтлар ҳолати учун жавобгар мутасадди ташкилотлар ҳисоботларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари 100 фоизга бажарилди, деб кўрсатади, аммо амалда бунинг аксини кўп бор кузатганмиз.
Мораторий қандай амалга оширилади?
Юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги тегишли фармонига кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан эса бундай дарахтларнинг 78 номдан иборат рўйхати тасдиқланди ҳамда улар кесилишига мораторийни амалга ошириш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризалар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун хулосалар бериш, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан эса дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатномалар расмийлаштирилиши тақиқланади.
Дастурлар ижроси доирасида дарахтлар кесилишига рухсат бериладими?
Ҳақли савол туғилади: хўш, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” давлат дастурлари лойиҳалари асосида ҳудудларни ободонлаштириш ишларида бунга зарурат туғилса-чи? Ҳукумат қарорида бу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмаган. Унга кўра, мазкур ҳолатда касалланган, қуриётган ёки қуриб қолган, одамлар ҳаёти ва соғлигига, мол-мулкига хавф солаётган дарахтларни кесиш ва қирқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ, фақат туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Маълумотларга кўра, расмий рухсат билан кесилаётган дарахтларнинг ярмидан ортиғи қурилиш ва коммуникация масалалари туфайли кесилмоқда. Эндиликда еp майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида расмийлаштириладиган ҳужжатларда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларида, онлайн-аукцион натижалари баённомаларида ер участкасида ўсаётган дарахтлар сони, уларнинг аниқ координаталари, навлари, диаметри, баландлиги кўрсатилиши шарт, шунингдек, уларни сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш чоралари қайд этилиши лозим.
Масалан, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш майдонида ўсаётган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари тўлиқ сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши таъминланиши шарт. Ҳеч бўлмаганда, уларнинг камида 50 фоизи сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши ёxуд уларнинг ўрнига ўнтадан кам бўлмаган дарахтлар компенсация сифатида экиб берилиши зарур.
Жавобгарлик қачон кучайтирилади?
2020 йил 1 мартдан бошлаб қурилиш-таъмирлаш, бузиш бўйича лойиҳа ҳужжатларида, шунингдек, қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда мажбурий тартибда ўсимлик дунёси объектларига ва уларнинг ўсиш муҳитига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишни таъминлайдиган, уларни бундай таъсирдан ҳимоя қиладиган чоралар, компенсация тадбирлари ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича қоида ва меъёрларга риоя этилиши назарда тутилади.
Шунингдек, қарорда масъул ташкилотлар дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш тартиби ҳамда компенсация тадбирларини амалга ошириш шартлари бузилгани, дарахт ва буталар ноқонуний кесилгани учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар киритиши белгиланган. Жазо санкцияларининг кучайтирилиши, бир томондан, фуқаролар масъулиятини оширса, иккинчи томондан, ҳар бир ноқонуний ҳаракат учун жазо муқаррар эканини кўрсатади.
Дунё мамлакатларида оддий одамлар қарши бўлса, дарахтлар кесилмайди. Масалан, Хитойда 30-40 қаватлик бинолар қурилганда ҳам яқин орадаги дарахтлар атрофи махсус панжара билан ўраб, ҳимояга олинади, қуриётган дарахтлар илдизидан дори берилиб, ҳаётга қайтарилади. Кўринадики, юртимизда ҳам айни соҳада, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим. Ҳар бир киши бу жараёнга бефарқ бўлмаса, дарахт кесилиши билан ҳолатларга дуч келганда, тегишли ташкилотлар вақтида хабардор қилинса, шунингдек, бу жараёнга қонун нуқтаи назаридан ёндашилса, кутилган натижага эришиш мумкин.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
қўмитаси аъзоси