“Мўр тебранса кўргувчи кўзлар”: Туркий қўшинларда тунги мудофаа ва хавфсизлик
Ўрта аср ҳарбий юришларида қўшиннинг хавфсизлигини таъминлаш энг асосий масалалардан бири бўлган. Айниқса, жанглар оралиғидаги вақтда, қароргоҳда ором олаётган лашкарни ташқи хатарлардан асраш ўта муҳим саналган. Бунинг учун маҳсус мудофаа тартиблари ва ҳарбий қисмлар жорий этилган.
Қўшин муайян бир манзилда тўхтаганда, лашкаргоҳ атрофи дарҳол истеҳкомга айлантирилган. Аравалар бир-бирига занжирбанд қилиниб, мустаҳкам тўсиқ ҳосил қилинган. Уларнинг ортидан шох-шаббалар ётқизилиб, гирдига четан қўйилган. Шунингдек, қароргоҳ атрофида ичига мўнду ўрнатилган чуқур хандақлар қазилган.
Ушбу ҳимоя тизими кечаю кундуз икки хил ҳарбий бўлинма назоратида бўлган. Кундузги соқчи бўлинмалар “язак”, тунгилари эса “талоя” номи билан юритилган. Ғаним қўшини яқинлашиши билан лашкар хандақдан чиқиб, дарҳол жанговар саф тортган ва унга қарши юзланган. Бу жараёнда талоя қисмларининг вазифаси ва аҳамияти ўта юқори бўлган. Талоя – Шарқ давлатлари қўшинларида кенг қўлланилган махсус ҳарбий атамадир. У лашкар жойлашган ҳудудни ва ҳарбий қароргоҳни тунда ҳимоя қилувчи махсус қисмни англатади. Бироқ, уни одатий тунги соқчилик билан бир хил деб баҳолаш тўғри эмас.
Одатий тунги қоровулларнинг муайян белгиланган ўрни, яъни пости бўлган. Улар фақатгина ўша жойда туриб назорат олиб борган. Талоя эса доимий ҳаракатдаги бўлинма ҳисобланган. Улар қароргоҳ атрофида, ташқарига чиққан ҳолда фаолият юритган. Тун бўйи қўшин жойлашган ҳудудни ташқаридан айланиб, тинимсиз кезган ва эҳтимолий ҳужумнинг олдини олган. Бундай мураккаб ҳарбий тартиблар ҳақидаги маълумотларни Алишер Навоий асарларида ҳам учратиш мумкин. Мутафаккир нафақат давлат арбоби, балки моҳир ҳарбий билимдон ҳам эди.
Навоий Ҳусайн Бойқаронинг кўплаб ҳарбий юришларида шахсан иштирок этган. У жанг майдонларидаги ҳолатни ва қўшин тартибини бевосита ўз кўзи билан кўрган. Навоийшунос Қодиржон Эргашевнинг ёзишича, шу сабабли ҳам, сўз мулкининг султони ҳарбий атамаларни жуда аниқ билган ва ўз асарларида ўринли қўллаган. Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Искандар ва Доро қўшинларининг жанг олдидаги ҳолати тафсилотлари берилган. Асарда Искандар қўшинининг тунги хавфсизлигини таъминловчи талоялар ҳақида маълумотлар мавжуд. Навоий ўзи гувоҳ бўлган ҳарбий жараёнларни, туркий қўшиннинг ҳарбий маҳоратини достонга сингдириб, ҳолатни сўз воситасида жонлантирган.
Маълумки, кун ботиб, қоронғу тушиши билан талоя қароргоҳдан ташқарига чиққан. Улар ўта сергаклик билан ўз вазифасини бажаришга киришган. Навоий бу ҳолатни шундай тасвирлайди: “Қуёш чун ботиб, кўкка соя чиқиб, Ҳамул ики ёндин талоя чиқиб”. Бу вақтда кундузги язак аҳли ўз ўрнини талояга бўшатиб берган. Шоир навбатдаги мисраларида бу қатъий алмашинувни “Язак аҳлиға, ўйла, бедорлиқ, Талоя аро, ўйла, ҳушёрлиқ”, дея изоҳлайди. Талоя қисмининг тунги шароитдаги тезкорлиги ва сезгирлиги юқори даражада бўлган. Навоий уларнинг ҳушёрлигини таърифлаб, эътиборга молик бадиий ўхшатишдан фойдаланади. Қайд этилишича, агар тунда бир чумоли тебранса, талоя ўша заҳоти унинг кўзини ўқ билан тешар эди.
Асарда бу тасвир “Ки гар мўр тебранса, қилмай даронг, Тикарлар эди кўзин, отиб хаданг”, шаклида берилган. Биринчи кунги тўқнашув тугагач, ҳар икки томон ўз қароргоҳига қайтади. Эртаси куни бўладиган ҳал қилувчи жанг олдидан лашкар куч тўплаши талаб этилган. Бу вақтда талоялар бутун қўшиннинг оромини ва тўлиқ ҳимоясини ўз зиммасига олган. Адабиётшунос олим Қодиржон Эргашевнинг ёзишича, мутафаккир ушбу масъулиятли лаҳзани: “Талоя яна чиқти ҳар соридин, Язак тинмади ҳифз изҳоридин”, деб қайд этади. Шунингдек, талоянинг яна бир муҳим вазифаси душман айғоқчиларини тутиш бўлган.
Навоий бошқа бир ўринда буни аниқлаштириб ўтади: “Талоя бўлуб ҳар тарафдин мудир, Тун ўғрисин этмак учун дастгир”. Яъни, қоронғуликдан фойдаланиб қароргоҳга яқинлашган ҳар қандай ёт унсур тезда қўлга олинган. Ушбу тарихий маълумотлар давлатчилигимиз тарихида ҳарбий интизом ва мудофаа илми нақадар пухта ишлаб чиқилганини кўрсатади. Қўшиннинг жанг майдонида ва ором палласида қатъий тартибга бўйсуниши кучли армиянинг асоси бўлган. Аждодларимизнинг ҳарбий илм борасидаги бундай тажрибалари бугунги кун учун ҳам муҳим. Бу тарихий далилларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш тарихимизнинг янги қирраларини кашф этишга хизмат қилади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА