Мономарказда ўқиганларга стипендия берилади
Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 9 мингдан ортиқ иш ўрни таклиф этилди.
Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 9 мингдан ортиқ иш ўрни таклиф этилди.
Вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардан 250 га яқин корхона-ташкилот иштирок этган ярмаркада фуқароларга бўш иш ўринлари таклиф этиш билан бирга уларни касбга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиши мумкин бўлган соҳалар, бу борадаги имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқовнинг айтишича, ушбу ярмаркани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад пандемия сабаб даромадсиз қолган фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларга етарли турмуш шароитларини яратиш ҳамда корхона-ташкилотларнинг малакали мутахассисларга бўлган талабини қондиришдан иборат. Бугунги кунда вилоятдаги қурилиш ташкилотлари ва саноат корхоналарида малакали мутахассисларга талаб юқори. Шу боис вилоят ҳокимлиги ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорликда телеграм ижтимоий тармоғида махсус канал ташкил этиб, вилоят корхона-ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериб борди.
Бундан ташқари, вилоят бандлик бош бошқармасига қарашли иккита касбга ўқитиш маркази мономарказга айлантирилиб, 7 йўналишда 17 касб ҳамда уч тил бўйича ўқув курслар ташкил қилинмоқда. Мазкур мономарказларда ишсиз фуқаролар бандлик марказлари йўлланмалари асосида бепул касб ўрганиб, ўқиш даврида стипендия билан таъминланади.
- Марказимизда бугунги кунда 5 касб бўйича 250 нафардан ортиқ фуқаро ҳунар ўрганмоқда, - дейди Боғишамол касб-ҳунарга ўқитиш маркази раҳбарининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Акмал Эронов. – Айни пайтда марказни мономарказга айлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Мономарказ сифатида декабрь ойидан фаолиятимизни бошлаймиз.
Меҳнат ярмаркасига келган фуқаролар бандлик соҳасидаги янгиликлар билан таниши билан бирга ўз малакаларига мос иш ўринларини ҳам топишди.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Шаҳноза Астанова 2019 йил сўнгида шаҳардаги 4-оилавий поликлиникадаги ҳамширалик ишини ташлаб, Россия Федерациясига ишлаш мақсадида йўл олган эди. Пандемия сабаб у жорий йил 4 сентябрда Самарқандга қайтди. Бугунги ярмаркада қатнашган Шаҳноза шаҳардаги 2-оилавий поликлиникадан иш топди.
- Оилавий шароит туфайли хорижда ишлашни мақсад қилгандим, - дейди Шаҳноза Астанова. – Афсуски, пандемия сабаб ишим кўнгилдагидек бўлмади. Яқинда қайтиб келдим. Рўзғор тебратиш учун ишлаш керак. Бугунги меҳнат ярмаркасини эшитиб келгандим. Хато қилмабман, поликлиникада ҳамширалик иш ўрнига йўлланма олдим.
Ярмаркада бўш иш ўринлари билан қатнашган корхона-ташкилотларнинг кадрлар бўйича мутахассислари малакали кадрларга талаб юқорилигини таъкидлади. Жумладан, “Samarkand Touristic Centre” масъулияти чекланган жамияти томонидан Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига айни пайтда 3 мингга яқин қурилиш ишлари бўйича мутахассис зарур экан.
- Корхонамиз «ENTER Engineering Pte.Ltd.» компанияси тасарруфида бўлиб, Самарқанддаги замонавий қурилиш объектларини қуриш билан шуғулланади, - дейди “Samarkand Touristic Centre” масъулияти чекланган жамияти етакчи мутахассиси Наргиза Нарзуллаева. – Айни пайтда қурилиш ишларига 3 мингга яқин ишчи зарур. Бугунги ярмаркада имкон қадар кадрларни жалб қилдик. Ишимиз мураккаблиги боис, синовдан ўтгандан сўнггина ҳужжатлар расмийлаштирилади. Шу боис, ярмаркада талабгорларга тушунчалар бердик. Ишга қабул бевосита уларнинг малакасига қараб ҳал этилади. Жорий йил сўнгигача ишчиларимиз сонини 8200 нафарга етказамиз.


