Мономарказ фаолияти меҳмонларга манзур бўлди
Мамлакатимизга ташриф буюрган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича Озарбайжон делегацияси Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди.
Делегация аъзоларига “Ишга марҳамат” мономарказининг тузилмаси ва асосий вазифалари, ислоҳот ва истиқболдаги режалар ҳақида қисқача маълумот берилди. Ихтисослаштирилган ўқув хоналарида яратилган шароитлар, ошпазлик, қандолатчилик, веб–дастурчи, электрик ва машинасозлик бўйича олиб борилаётган ўқув курслари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Мономарказ директори Алихан Умаров иссиқхоначилик, беданачилик, пайвандловчи йўналишларида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Айниқса, имконияти чекланган фуқароларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазоворлиги меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
[gallery-8124]
– Мана бугун делегация аъзолари билан Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлдик, – дейди Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Одам савдосига қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи, делегация раҳбари Самир Гараев. – Марказ жуда чиройли, касбга ўқитиш учун қулай жиҳозланган. Ходимлар билан бўлиб ўтган суҳбатда уларнинг профессионаллигига, ўз ишининг маҳоратли устаси эканлигига амин бўлдик. Президент Шавкат Мирзиёев, Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳамда мономарказлар томонидан ишсизларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бу ердаги ташрифимиз биз учун жуда фойдали ва катта аҳамиятга эга бўлди. Биз бу тажрибани Озарбайжонда ҳам жорий этишни режалаштирдик.
Меҳмонлар билан ўтказилган давра суҳбатида мономарказ мониторинг механизми, унинг фаолиятидаги ҳамкор ташкилотлар, қандай реабилитация методларидан фойдаланаётгани, тингловчиларга психологик жиҳатдан кўмак бериш тартиби, шунингдек, ходимларга яратиб берилган хизмат шароитлари юзасидан фикр алмашилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА