Моллар оқсимдан ўлмаган, тадбиркор фаолиятни давом эттиради
Лавҳада айни пайтда Канада давлатида меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган жамият раҳбари Ж.Алимовнинг шу йил апрель ойида суратга олинган видеолавҳаси ҳам келтирилган.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида “CREAT” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 2019 йил октябрь ойида хориждан келтирилган наслли қорамоллар жорий йилнинг март-апрель ойларида оқсим (оқсил) касаллиги сабабли нобуд бўлаётгани ҳақида хабар тарқалди.
Унда Ж.Алимов банкдан кредит олиб хориждан наслли қорамол келтиргани, аммо туман ҳокимлиги томонидан унга ер ажратиб берилмаётгани, моллари касалликка чалиниб, нобуд бўлаётгани баён этилган.
Лавҳа муаллифи тадбиркор ҳозирда Канада давлатида меҳнат қилаётгани ва банк кредитини тўлашда қийинчиликка дуч келаётгани, шу сабабли энди ўз юртига сармоя киритмаслигини айтган. Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ва Пастдарғом тумани бўлими масъуллари иштирокида жойида ўрганилди.
Маълум бўлишича, тумандаги “CREAT” МЧЖнинг 2019 йил 3 июндаги аризасига кўра, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида наслли чорва моллари сотиб олиши учун 7 июндаги кредит шартномасига асосан Халқ банки Пастдарғом филиали томонидан 81 минг 550 АҚШ доллари миқдорида кредит Австриядаги компанияга кўчириб берилган. Ўша йили октябрь ойида хориждан наслли моллар келтирилиб, парваришлана бошланган.
Аммо ушбу чорва молларини белгиланган тартибда маълум муддат карантинда сақлаш, уларнинг саломатлигини текшириш, молхонани дезинфекция қилиш каби қоидаларга амал қилинмаган. Моллар қачон олиб келинганлиги тўғрисида туман чорва насл агентлиги ҳамда ветеринария бўлимига маълумот берилмаган.
Қачонки, жорий йилнинг апрель ойида икки бош қорамол касаллиги сабабли сўйилганидан кейин мазкур ҳолатдан туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими хабардор бўлиб, бу ердаги молларнинг саломатлиги ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра, “CREAT” МЧЖ молхонасининг наслли моллар сақлаш учун тайёр эмаслиги, ҳаво ҳарорати пасайиб кетиши натижасида қорамолларда бронхопневмония касаллиги ўткир кечиши ҳамда стоматит касаллиги келиб чиққани, озуқасининг етарли бўлмаганлиги сабабли мажбурий суйишлар вужудга келган.
Сўйилган моллар гўштидан олинган намуналар туман ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат ташхис марказида микроскопик, бактериологик текширувдан ўтказилган ва юқумли касалликлар қўзғатувчиси аниқланмаган.
“CREAT” МЧЖ раҳбари айни пайтда Канада давлатида эканлиги сабабли мазкур жамият иш юритувчиси ва бошқа ходимлари билан суҳбатлашилганда, улар туман ҳокимининг 2020 йил 5 майдаги қарори билан туманнинг Хончорбоғ массивидан хўжалик учун 28,3 гектар ер майдони ажратилгани ва у ерда чорва учун озуқа маҳсулотлари етиштирилганини маълум қилди. Шунингдек, тадбиркор банк кредитини қайтариш учун ҳаракат қилаётгани, ҳозирда хўжалик тасарруфида 20 бошга яқин қорамол мавжудлиги ва йил якунига қадар улар сонини 50 тага етказишга ҳаракат қилишаётганини айтишди. Бундан ташқари, бугунги кунда бу ерда хориждан келтирилган 20 бошдан ортиқ наслли қўй парваришланмоқда.
Жамият раҳбари апрель ойида суратга олинган видеолавҳада жаҳл устида гапиргани, аммо айни пайтда чорвачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳасини амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилаётганини ҳам маълум қилди корхона иш юритувчилари.


Ўзбекистон Республикаси
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси ахборот хизмати