Молиявий жарималар икки баравар камайтирилди
Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларга янги имтиёз берилди.
Жорий йилнинг 1 майидан уларнинг экспорт шартномалари асосида хорижий ҳамкорларга етказиб берган товарлари эвазига валюта тушумини таъминламаслик, шунингдек, импорт шартномалари асосида хорижий ҳамкорларга тўлаб берилган валюта маблағлари ҳисобига шартномада назарда тутилган товарларни келтирмаслик натижасида юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилиши лозим бўлган молиявий жарималар икки бараварга камайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарорига асосан, муқаддам ушбу турдаги қарздорликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан юзага келган қарздорлик суммаси 60 кундан 180 кунгача бўлган муддатда бартараф этилмаса мазкур сумманинг 10 фоизи, 180 кундан 365 кунгача 20 фоизи, 365 кун ва ундан ортиқ муддатда бартараф этилмаганда эса мавжуд қарздорлик суммасининг 70 фоизи миқдорида жарима қўлланилган бўлса, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига билан 2021 йил 1 майдан бошлаб юзага келган қарздорлик суммасига дастлаб 5 фоиз, кейин 10 фоиз ва охирида 35 фоизи миқдорида жарима қўлланилиши назарда тутилган.
Қарорда 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўллаш тўхтатилиб, дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Ушбу банд билан тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтган 2018, 2019 ва 2020 йиллар давомида йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун молиявий жарималар қўлланилиши тўхтатилиб, ўтган даврларда амалга оширилган экспорт ёки импорт операцияларининг охирги санаси 2021 йил 1 май куни сифатида белгиланади.
Шунга асосан Сурхондарё вилоятида ташқи савдо операциялари натижасида йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун жорий йил 21 апрель ҳолатига 111 та корхона ва ташкилотларга нисбатан суд тартибида қўлланилган 35,1 миллиард сўм миқдоридаги молиявий жарималар бўйича суд қарорлари ўз кучида қолади. Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан киритилган даъво аризалар асосида суд тартибида қўлланилиб бўлинган жарималардан ташқари 2021 йилнинг 21 апрелига қадар иқтисодий судларга навбатдаги молиявий жарималарни қўллаш учун киритилган даъво аризаларига кўра, 90 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳисобланган жами 33,2 миллиард сўм миқдоридаги жарималарни қўллаш тўхтатилади. Бунда дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланади. Агар ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан қарздорлик белгиланган муддатларда бартараф этилмаса уларга нисбатан 5, 10 ва 35 фоиз ставкада, яъни икки баробар камайтирилган миқдорда жарималар чораси қўлланилади.
И.Қурбонов,
Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси ташқи савдо
операцияларини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи
ЎзА