
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун “Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда банк тизимида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида медиа-мулоқот ташкил этилди.
Унда Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори Акмал Назаров, Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти директори Дилбар Абдуғаниева, Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти бошқарма бошлиғи Дилнавоз Нарзуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, 2020-2024 йиллар давомида молиявий саводхонлик бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Марказий банкнинг Молиявий саводхонлик ва оммабопликни ошириш департаменти директори Дилбар Абдуғаниеванинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини аниқлаш бўйича бир қатор тадқиқотлар амалга оширилган.
[gallery-22224]
–Биринчи тадқиқот 2020 йилда ўтказилган бўлиб, унда 2 минг нафар аҳоли сўровномада иштирок этган. Бу мақсадда турли ҳудудларда тадқиқот ўтказилган, шу жумладан, Тошкент шаҳри ҳам қамраб олинган. Тадқиқот натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 23 фоизи 7 та асосий саволдан 4 тасига тўғри жавоб берган. Мазкур ҳисобот Жаҳон банки сайтида ҳам эълон қилинган. Бундан ташқари, 2021 йилда яна бир тадқиқот ўтказилиб, унда минг нафар одам сўровномада қатнашган. Бу лойиҳа Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари ўртачадан юқори деб баҳоланган. Қандай қилиб молия саводхонлиги даражаси аниқланади? Молиявий саводхонлик даражаси билим, кўникма, хатти-ҳаракат ва муносабат каби мезонлар асосида баҳоланади. Маълумки, олий таълим ва мактабларда фанни жорий этиш учун тегишли компетенциялар ишлаб чиқилади. Худди шу каби молиявий саводхонлик ҳам алоҳида йўналиш бўлиб, у ҳам ўз компетенцияларига эга. Тўпланган тажрибалар натижасида биз молия саводхонлигига бағишланган ҳар бир лойиҳамизни татбиқ этганмиз. Шунингдек, ҳар бир аудитория учун алоҳида материаллар тайёрланади, – деди Д.Абдуғаниева.
Маълумот берилганидек, бугунги кунда Марказий банкнинг ташаббуси билан 2020 йилдан бошлаб ўқувчилар, талабалар, хотин-қизлар, ёш тадбиркорлар, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун молиявий билимларни ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Finlit.uz ахборот ресурси ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали юзлаб инфографика, видеороликлар ва мақолалар эълон қилинган. Бунда молиявий режалаштириш ва жамғариш маданиятини шакллантириш, банк омонатларидан самарали фойдаланиш, қарзларни бошқариш, онлайн молиявий хавфсизлик каби мавзулар ёритилган. Шунингдек, лойиҳалар доирасида ҳар бир мақсадли гуруҳга алоҳида мўлжалланган ўқув материаллари тақдим этилган.
Бундан ташқари, Тошкентдаги кутубхоналарда интерактив дарслар, кичик ёшдаги болалар учун интеллектуал ўйинлар, ёшлар учун доимий танловлар ташкил этилмоқда.
Мутахассислар томонидан 2025 йилда молиявий таълимни мактаб ва олий таълим муассасалари дастурларига жорий қилиш, тадбиркорлар учун махсус ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, медиа-мулоқотда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокамасига ҳам кенг урғу берилди. Унга кўра, 2018 йилдан буён Марказий банк тузилмасида мазкур йўналиш бўйича Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фаолият юритмоқда. Мулоқот давомида ушбу таркибий бўлинманинг вазифалари ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича назоратни амалга ошириш механизмлари тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
–2024 йилда ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, тижорат банкларида мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш, муддати ўтган кредит тўловлари бўйича келиб тушган маблағни қарздорликка йўналтириш навбатига ўзгартириш киритиш ҳамда жисмоний шахсларга ўзларининг номига кредит олишни тақиқлаш имкониятини бериш юзасидан амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши таъминланди. Шунингдек, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларнинг шикоятларини ўрганиш натижаларига асосан уларга умумий миқдори 2,5 миллиард сўмдан ортиқ молиявий наф келтирилди, – деди Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаев.
Соҳа мутахассисларининг сарҳисобига кўра, “Business & Finance Consulting” (Швейцария) билан ҳамкорликда “Сирли мижоз” усулида 15 та банкнинг 73 та филиалида хизмат кўрсатиш сифати ўрганилган ва бу жараёнда аниқланган камчиликлар юзасидан кўрсатмалар берилган. Шу билан бирга, тижорат банкларининг жойлардаги муассасаларида базавий хизматлар кўрсатилишининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши ҳолатлари юзасидан банк муассасаларида 1 минг 8 та назорат тадбири амалга оширилган. Назорат тадбирларида қоидабузарликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан тижорат банклари томонидан 647 та интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Медиа-мулоқот якунида 2025 йилда банк мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида рискка асосланган назоратни жорий этиш, шикоятлар кўриб чиқилишини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича банкларда ички назорат механизмларини йўлга қўйиш талаблари ишлаб чиқилиши маълум қилинди.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА