Молибден концентрати ишлаб чиқаришда юксак натижа
Олмалиқ кон-металлургия комбинати Мис бойитиш фабрикасининг мис-молибден концентратларини саралаш ва қуритиш цехи меҳнат жамоаси молибден концентрати ишлаб чиқариш бўйича йиллик ишлаб чиқариш вазифасини муддатидан олдин бажаришга муваффақ бўлди.
Жорий йилнинг 31 октябрь ҳолатига кўра, ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 782,8 тоннани ташкил этди. Йиллик вазифа эса 756,1 тонна этиб белгиланган эди. Шу тариқа, жамоа ўн ой давомида йиллик прогноз кўрсаткичини 103,5 фоизга бажариб, қўшимча равишда 26,7 тонна молибден концентрати ишлаб чиқаришга эришилди.

Ишлаб чиқариш вазифасининг муддатидан олдин бажарилиши меҳнат жамоасининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти, мутахассисларнинг касбий маҳорати ҳамда технологик жараёнларни самарали ташкил этиш натижасидир.
Маълумот учун, мис бойитиш фабрикасида олинадиган молибден оралиқ маҳсулоти кейинги қайта ишлаш жараёнлари учун муҳим хомашё ҳисобланади. Мис эритиш заводида у махсус айланма печларда куйдирилади ва натижада куйдирилган молибден оралиқ маҳсулоти олинади.

Кейинчалик ушбу хомашё чуқур қайта ишлашга йўналтирилиб, ундан металл молибден ҳамда қўшилган қиймати юқори бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Молибден металлургия саноатида кенг қўлланилади. У қотишмали ва зангламас пўлатлар ишлаб чиқаришда фойдаланилиб, уларнинг мустаҳкамлиги, юқори ҳароратга чидамлилиги ва коррозияга бардошлилигини оширади.
А. Мусаев, ЎзА