Модернизация ишлари давом эттирилмоқда
Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига чет эл инвестицияларини жалб этиш ва ўзлаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига чет эл инвестицияларини жалб этиш ва ўзлаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Д.Исоқулов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида энергетика тармоғини ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, шунингдек, электр энергиясини узатишдаги йўқотишларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 мартдаги «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, энергетика соҳасида умумий қиймати 8,9 миллиард долларлик 33 инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишлаб чиқаришга замонавий, юқори самарали технологияларни жорий этиш ҳисобидан ҳавога зарарли газлар чиқишини қисқартириш, шунингдек, мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини оширишга қаратилган.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, айни пайтда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан мавжуд электр станциялари кенг кўламли модернизация ва реконструкция қилинмоқда, янги электр тармоқлари ва нимстанциялар қурилмоқда, энергетика объектларининг ишлаб чиқариш қуввати кучайтирилмоқда. Чунончи, Навоий, Сирдарё ва Тошкент иссиқлик электр марказларида замонавий технологик қурилмаларнинг жорий этилиши самарасида мамлакатимиз энергия тизимининг белгиланган қуввати 555 мегаваттга ошди. Йиллик газ тежаш кўрсаткичи эса 455 миллион куб метрни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда Таллимаржон, Тошкент, Тахиатош, Навоий иссиқлик электр марказларида умумий қуввати 1970 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмалари қурилмоқда. Юқори даражали техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга ушбу замонавий буғ-газ қурилмалари йилига 360 миллион куб метр ёқилғи тежаш имконини беради.
Тадбирда энергетика балансини босқичма-босқич диверсификация қилиш мақсадида қайта тикланадиган энергия манбаларини янада жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Жумладан, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида янги қуёш фотоэлектрик станциялари қурилмоқда. Бундан ташқари, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида 2020 йилга қадар мавжуд 15 гидроэлектр станциясини модернизация ва реконструкция қилишни режалаштирмоқда. Бунинг самарасида уларнинг умумий қуввати 200 мегаваттга ошади.
Ушбу инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши тармоқни янада мустаҳкамлаш, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз ва ишончли таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.