Моддий ва номоддий маданий мерос уйғунлиги
Бухорода Юнесконинг “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенциясининг 20 йиллиги ва “Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш конвенциясининг 50 йиллигига бағишланган “Моддий ва номоддий маданий мерос уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази, Бухоро давлат университети, Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг асосий вазифаларидан бири – Конвенция мақсадларини илгари суриш, илғор тажрибалар бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беришдан иборат. Қўмита иштирокчи давлатлар томонидан номоддий меросни рўйхатга киритиш тўғрисидаги сўровларни, шунингдек, дастурлар ва лойиҳалар бўйича таклифларни кўриш ишлари билан шуғулланади.
[gallery-13547]
Қўмита халқаро ёрдам кўрсатишга ҳам масъулдир. Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита конвенцияни амалга оширишга тайёргарлик кўради, асосан оператив кўрсатмалар тўпламини ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш Конвенциянинг 25- моддасида белгиланган. У ушбу ҳужжатларни Бош ассамблеяга тасдиқлаш учун тақдим этади. Ҳозирги кунга қадар ЮНЕСКО конвенциясини 180 та давлат қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистон унга 2008 йилда аъзо бўлган.
Ҳозирги кунда ЮНЕСКО инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон томонидан 10 та миллий ва кўп миллатли элементлар, шу жумладан шошмақом, палов пишириш анъаналари, Наврўз байрами, Хоразм лазгиси ва бахши санъати киритилган.
Анжуманда “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишдаги муаммолар”, “Бутунжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишдаги муаммолар”, “Моддий ва номоддий меросни муҳофаза қилиш дастурларида интеграциялашган ёндашув”, “Моддий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишда жамоат ташкилотларининг ўрни” каби масалалар муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари