Мис ишлаб чиқариш қарийб 39 фоизга ортади
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан комбинат тасарруфидаги “Қалмоққир” ва “Ёшлик” кони, марказий таъмирлаш-механика заводи ҳамда иссиқлик электр марказига преес-тур ташкил этилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан комбинат тасарруфидаги “Қалмоққир” ва “Ёшлик” кони, марказий таъмирлаш-механика заводи ҳамда иссиқлик электр марказига преес-тур ташкил этилди.
Преес-тур аввалида комбинат бошқарув раиси Абдулла Хурсанов журналистлар билан учрашиб, комбинат томонидан амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режалар тўғрисида маълумот берди.
Мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатини техник-технологик модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Комбинатда маҳаллийлаштириш, инвестиция жалб қилиш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш борасида қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётгани сарф харажатни қисқартириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишчилар қўл меҳнатини енгиллаштиришга замин яратаётир.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг август ойида комбинатдаги давлат улуши “SFI Management Group” компанияси ишончли бошқарувига берилди. Мазкур компания томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишлаб чиқаришининг мавжуд ҳолатини ўрганиш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида таркиби етакчи хорижий олим ва экспертлардан иборат халқаро маслаҳат гуруҳи жалб этилди.
Халқаро маслаҳат гуруҳи томонидан 2019-2022 йилларда комбинат ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Шунингдек, 2022 йилга қадар 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этиш режалаштирилди.
Ўтган асрнинг 20-йилларида очилган “Қалмоққир” кони 1954 йилда фойдаланишга топширилган. Коннинг йиллик қуввати 30 миллион тонна маъдан қазиб олишни ташкил этади. Фойдаланишга топширилганидан бошлаб айни пайтга қадар кондан бир миллиард тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинган.
Жорий йилнинг 1 августига қадар эса 22 минг тоннадан ортиқ руда, қарийб 92 минг тонна мис, 997 тонна молибден қазиб олиниб, бойитиш фабрикаларига юборилган.
– Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 11 августда ўзлаштирилишига старт берилган “Ёшлик” кони улкан мис захирасига эга, – дейди “Ёшлик” конини ўзлаштириш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш дирекцияси бош муҳандиси Зокирхўжа Эшонхўжаев. – Айни пайтда конни ўзлаштириш жараёнида бир минг 300 нафар зиёд кончилар меҳнат қилмоқда. Аксарияти ёш мутахассислар иборат жамоа томонидан шу кунга қадар 26 миллион куб қоплама жинслари қазиб олиниб, поғоналар ташкил этилди. Ушбу кўрсатгични 74 миллион кубга етказиш ва натижада 2021 йилдан бошлаб кондан дастлабки маҳсулот олиш режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, коннинг йиллик қуввати 23 миллион тоннани ташкил этади. Шунинг ҳисобига 2030 йилга бориб комбинатнинг мис ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан қарийб 39 фоизга ортади. 2035 йилда тўлиқ қувватда фойдаланилиши кутилаётган “Ёшлик” кони очилиши ҳисобига эса комбинатда 6 мингта янги иш ўрни яратилади.