Мирзо Бобур ва Бобурийлар мероси муҳокама қилинди (+видео)
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1526 йили Ҳиндистонда “Буюк Бобурийлар салтанати”га асос солди. Ўзбек давлатчилигининг 2500 йиллик тарихий тажрибаси, Буюк Амир Темур мактаби негизида яратилган ушбу салтанат Ҳиндистон ва бутун кишилик сиёсий, иқтисодий ва маданий юксалишига ўта кучли таъсир кўрсатди.
Буюк Бобурийлар салтанатига асос солинганининг 500 йиллиги муносабати билан ФА Тарих институтида уюштирилган эллараро йиғин салтанатнинг туғилиши, юксалиши ва инқирози, салтанат тарихига доир манбаларнинг ўрганилиши, иқтисодий ҳаёт, илм-фан ва маданият бўйича илмий изланишлар натижаларига бағишланди.
Тадбир давомида Покистон давлатидан ташриф буюрган олимлар ҳам Мирзо Бобур ва Бобурийлар империяси ҳақидаги маълумотлар акс этган маърузалар билан қатнашишди. Покистон Бизнес бошқаруви институти доценти Али Жибран Сиддиқий ўз чиқишида Буюк Бобурийлар салтанатининг иқтисодий асосларини ишлаб чиқариш марказлари, савдо муносабатлари, солиқ сиёсати, пул тизими ҳақида, Панжоб университети профессори Рухшона Ифтихор эса Буюк Бобурийлар салтанатидаги илм-фан ва маданиятнинг аҳволи, яратилган буюк илмий ва маданий меросни атрофлича таҳлил қилиб берди. Покистонлик манбашунос олим, профессор Ориф Навшоҳий “Мажолиси Жаҳонгирий” асари асосида Жаҳонгир (1605-1627) саройидаги мажлислар, айниқса, асарда Туронга оид муҳим маълумотларни ёритиб берди.
“Буюк Бобурийлар салтанати (1526 – 1858)” эллараро йиғинида эълон қилинган илмий натижалар, маърифий фикрлар халқимиз, айниқса, ёшларнинг буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган салтанатнинг халқимиз ва давлатимиз, шунингдек дунё тарихида тутган ўрни бўйича тасаввурларини бойитишга хизмат қилади, деб тўлақонли айтиш мумкин.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/xNT4YEtBLbM" title="Mirzo Bobur va Boburiylar merosi muhokama qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА