Мирзаобод тажрибаси ўз самарасини бермоқда
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва фермерлар даромадини ошириш борасида Мирзаобод туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Илғор технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва давлат дастурлари ижроси асосида пахтачилик ва балиқчилик соҳалари ривожланмоқда.
Янги мавсумда тумандаги пахта далаларида замонавий, хусусан, Хитой технологияси асосидаги томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Бу йил 9500 гектар майдонда хорижий навлар экилиб, сувни тежаш билан бирга, ҳосилдорликни ҳам оширишга эришилди. Энг йирик лойиҳа “Сирдарё Жинго” ва “Мирзачўл Агрокластер” хўжаликлари томонидан амалга оширилди. Улар Хитойнинг “Пенг-Шенг” МЧЖ билан ҳамкорликда 7500 гектарда замонавий суғориш тизимини жорий этган. Қолган 2000 гектарда эса магистраль қувурлар, насос станциялари ва зарур инфратузилмалар барпо этилмоқда.
– Илгарилари ҳар тонна ҳосилнинг қиймати сув ва ёқилғи харажатларига тенг келарди. Энди эса томчилатиб суғориш натижасида на сув исроф бўляпти, на маблағ, – дейди туман ҳокими ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Сардор Саидумаров. – Ҳосилдорлик кескин ошди. Бу технологиянинг амалдаги самарасидир.
Мазкур ишлар “Камбағалликдан фаровонлик сари” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Дастур доирасида туманда 9,6 километр лоток қурилди, 5,4 километр каналлар бетонлаштирилди, 5 километр коллектор-дренаж тизими тозаланди, 2 та тик қудуқ қазилди. Яъни 15 километр инфратузилма объектлари янгиланиб, сув таъминоти мустаҳкамланди. Бу ўз навбатида ернинг унумдорлигини оширади, фермер меҳнати самарадорлигини бир неча бараварга кўпайтиради.

Мирзаободдаги инновацион ютуқлар фақат суғориш тизими билан чекланмайди. Туманда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 81 нафар балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркор ўз хўжаликларида умумий қуввати 734 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатган.
– Электр энергияси учун харажатларимиз 30 фоизга қисқарди. Қуёш панеллари ўзини 2–3 йилда тўлиқ оқлайди, – дейди “Adolatli madad agro” балиқчилик хўжалиги раҳбари Нуриддин Эгамбердиев. – Энг муҳими табиатга зарар етказилмайди.
Мирзаобод тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар суғоришда тежамкорлик, энергетикада “яшил” ечимлар ва инфратузилмани модернизация қилиш билан боғлиқ. Бу эса нафақат ерни, балки одамларни ҳам фаровонликка етакловчи асосий йўл ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, туман агросаноатида барқарорлик ва самарадорликка эришиш, техник ечимлар орқали ҳосилни кўпайтириш, пировардида одамларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш энг муҳим вазифадир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири