Мирзачўллик деҳқонларнинг сири нимада?
Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг ижобий самаралари Мирзачўл туманидаги амалий ишларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан турли миллат вакиллари ўтган асрнинг 60-йилларида бу ҳудудга кўчиб келиб, бийдек чўлни ўзлаштирибгина қолмай, бугун ана шу чўли-биёбонни чаманзорга айлантирди, десак асло муболаға бўлмас.
Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани 1967 йил 9 январда ташкил топган. Умумий майдони 48 минг гектардан ортиқ. Салкам 54 минг ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз, рус, татар, озарбайжон ва бошқа миллат вакиллари аҳил, тотув, бир оиладек яшайди.
Қишлоқ хўжалиги кластер ишлаб чиқариш тизимига ўтди-ю меҳнатга, меҳнаткашга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бундан 10-15 йиллар муқаддам “кластер” тушунчаси ишлатилмасди ва уни нималигини тўла-тўкис англаб ҳам етмаган бўлсак, бугун деярли ҳар бир соҳанинг кластерлари ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилган ушбу тизим бугун том маънода ўзини оқламоқда.
Кўпмиллатли Мирзачўл халқи деҳқончиликнинг ҳадисини олганлардан. Шу сабабдан ҳам ишни, айниқса қишлоқ хўжалигида, эскича услубда олиб бориш самара бермаслигини англаб етган чўл миришкорлари қишлоқ хўжалиги ишларини бугун кластер тизимида олиб боряпти.
Бир неча йилдирки, ушбу туманда “Sаngzor-textile” масъулияти чекланган жамият қишлоқ хўжалиги кластери фаолият юритиб келмоқда.
Жорий мавсумда давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ҳам пахта режасини ҳам республикада биринчилардан бўлиб бажариб қўйган Мирзачўлнинг “Sаngzor-textile” кластерчилари бўлади.
Мирзачўллик ғаллакорлар жорий йил ҳосили учун 13 минг 700 гектар майдонга ғалла экиб, режадаги 36 минг 113 тонна ўрнига 36 минг 126 тонна дон топширди ва зиммаларига олган режани ортиғи билан уддалади. Ғалладан бўшаган майдоннинг режадаги 8 минг 113 гектари ўрнига, амалда 8 минг 621 гектарга такрорий экинлар экиб, шундан 2 минг 533 гектар такрорий экин экилган майдон “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда хорижий давлатларда ишлаб қайтганларга ажратилди.
Бугунги кунда тумандаги барча такрорий экинлар экилган маҳсулотлар пишиб етилиб, аллақачон йиғиб-териб олинди ва ҳар бир маҳсулот қайта ишланмоқда.
– Жорий қишлоқ хўжалиги йил ҳосили учун пахта етиштириш мақсадида саховатли Мирзачўл далаларининг 12 минг 500 гектарига чигит экиб, ҳар гектар ердан 34,9 центнердан, жами 43 минг 600 тонна пахта етиштириш бўйича шартномалар тузилганди, амалда ҳар гектар майдондан ўртача 36 центнердан ҳосил йиғилиб, хирмон 45 минг тоннадан ошди, – дейди “Sаngzor-textile” МЧЖ кластери директорининг ўринбосари Холмўмин Мелиев. – Ушбу барака хирмони юксалишида “Мирзачўл” фермер хўжаликлар ҳудудий уюшмаси(ФХҲУ)дан “Киронов Тўлқин”, Абай ФХҲУдаги “Шоҳ Ойбек” ва “Аср даласи”, “Янгидала” ФХҲУдан “Шодиев Шербек”, “Ғиёсбек Дониёрбек” каби фермер хўжаликлари ҳар гектар ердан 40-42 центнердан ҳосил йиғиб, йиллик шартномавий режани 110-130 фоизга уддалаб муносиб ҳисса қўшди.
[gallery-9286]
– Бу йил қишлоқ хўжалиги йили бўлди, – дейди “Шоҳ Ойбек” фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Қувноқов. – Эрта баҳордан 18,9 гектар майдонга чигит экиб, барча агротехник тадбирларни вақтида ўтказдик. Ғўзага ўғитларни вақтида ва меъёрида бериб, қатор ораларга ишлов беришга алоҳида эътибор қаратдик. Кластергача ҳам фермер бўлганман, ҳар йили планни зўр-базўр ё бажарардик, ё бўлмаса бор айбни об-ҳавога тўнкар, уйимизга меҳмон келиб қолса, техника учун берилган ёқилғини, ғўза ё ғаллага берилган ўғитни 1 килограмм гўшт, 4 та нон учун сотиб юборишга мажбур бўлардик. Қилган йиллик даромадимизга ўзимиз хўжайинлик қилолмасдик. 21-22 центнердан ҳосил ола олмаган ўша ердан, бугун 40 центнердан ошириб ҳосил оляпман. 80 тоннадан ошириб пахта сотиш шартномавий режасини 120 фоизга уддаладик.
Пахта йиғим-терими мавсумида тумандаги вақтинча банд бўлмаган аҳоли ва қўшни вилоятлардан ҳашарга келган, жами 8 минг нафардан ортиқ теримчилар 80 та отрядга бўлинган ҳолда, мавсум давомида 12 минг тоннага яқин қимматбаҳо хом ашёни йиғиб олди.
– Ҳар йили пахта йиғим-теримида фаол қатнашиб келаман, лекин бу йилги ҳосилнинг чўғи баланд, – дейди теримчи Мадина Бобораҳимова. – Биринчи теримда ҳар куни 200-220 килограммдан ошириб пахта тердим. Ҳар 1 килограмм терган пахтамга 1 минг 500 сўмдан нақд пул ва ҳар 70 килограмм терганимизга 1 литрдан ўсимлик мойи беришди. Бундан ташқари, ҳар 5 кунда ҳокимият, ҳомийлар, “Sаngzor-textile” кластери томонидан рағбатлантирилдик.
Мавсум давомида 40 тага яқин терим агрегатлари унум билан ишлатилди. Унумдор пахта териш машиналарида 45 минг тонналик пахта ҳосилининг салкам 33 минг тоннаси айнан ана шу “пўлат этаклар” ҳисобига тўғри келди.
– Бошқарувимдаги “TZST-220” русумли пахта териш машинасида жорий йиғим-терим мавсумида 200 тоннага яқин пахта тердим, – дейди Озод Матлабов. – Биринчи теримда терган ҳар тонна пахтам учун 150 минг сўмдан ҳақ олган бўлсам, иккинчи теримда, ҳар тоннасига 200 минг сўмдан тўланди. Биргина пахта йиғим-теримининг ўзидан, салкам 40 миллион сўм даромад қилдим. Пахтачилик кластери бўлмасдан аввал ҳам механизатор эдим. Шунча пулни 5 йилда ҳам топа олмаганман.
Мирзачўллик деҳқонлар мавсум танламайди, тинмайди. “Пахтани териб олдик, планни бажардик” деб, уйида оёғини чўзиб ётмайди. Туман миришкорлари пахтаси териб олинган майдонларни дон экишга тайёрлаб, ғалласини экади, тўқсонбости бостириб, баҳор келмай ҳосилини олади.
– 2023 йил ҳосили учун туманда 13 минг 700 гектар майдонга кузги бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда 12 минг 500 гектар ёки режага нисбатан 99,2 фоиз майдонга кузги бошоқли дон экинларини экиб бўлдик, – дейди Холмўмин Мелиев. – Кечаги ёғингарчилик бўлмаганида аллақачон экишни якунлаган бўлардик. Ғалла экилган майдоннинг 10 минг 186 гектари ёки 81,5 фоизини суғориб бўлдик. 3 минг 500 гектарга яқин ёки 28,5 фоиз майдондан майса олиб, ғалламиз туплай бошлади. Келгуси йилги ғалла ҳосилимиз, пахтамиз ҳам бу йилгидан-да мўл бўлади.
Мирзачўллик бобо деҳқонларининг ушбу ютуғи тизимда изчиллик билан амалга оширилаётгани ислоҳотлар, тўғри йўлга қўйилган кластер фаолияти, инновацион технологияларнинг қишлоқ хўжалигига кенг жорий этилгани, барча зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва меъёрида ўтказилгани ва энг асосийси меҳнатга ўз вақтида, тўғри ҳақ тўлангани, қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этиб, фаол меҳнат қилганлар мунтазам рағбатлантириб борилгани натижасидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА