Миришкорлар баҳорги дала ишларига киришган
ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни кунларда қишлоқ хўжалиги соҳасида баҳорги дала юмушлари авжида.
Наманган вилояти Уйчи тумани Машад маҳалласи ҳудудида йигирма сотих ер майдонида ташкил этилган бешта иссиқхонада икки юз минг туп бодринг, помидор, қалампир, бақлажон кўчати етиштирилмоқда. Редиска ҳосили маҳаллий бозорга пешма-пеш етказилаётир. Ушбу экиннинг ўзидан кунига 2-3 миллион сўмлик даромад олинмоқда. Иссиқхона ишларига маҳалланинг 12 нафар хотин-қизи жалб этилган.
Туман фермер хўжаликлари миришкорлари ҳам мўл ҳосил тараддудида агротехник тадбирларга киришган.
Жорий йилда туманда 4548 гектар майдонга чигит экилади. 18647 тонна пахта ҳосили олиниши кўзда тутилган. 145 та пахтачилик йўналишидаги фермер хўжалигида 2282 гектар майдонда ер тайёрлаш, 1115 гектар майдонда пушта олиш ишлари олиб борилди. Хусусан, “Ал Машҳад саховати файз” фермер хўжалигида ерни чигит экишга сифатли тайёрлаш мақсадида ер текислаш жараёни давом этмоқда. “Олтин гавҳар зумрад” фермер хўжалигида эса чигит экишга қадар ердан икки марта ҳосил олиш тажрибаси қўлланилмоқда. Бу йил пахта етиштириш режалаштирилган майдоннинг 40 сотихида парваришланган редиска айни пайтда даромадга кирган. Ер қисқа муддатда ҳосилдан бўшатилиб, чигит экишга тайёрланади.
[gallery-22190]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА