“Миранда қоидаси”: тарихи, мазмуни ва уни конституциямизга киритилиш зарурати
Голливуд фильмлари туфайли кўпчиликка маълумки, полиция гумонланувчи одамни ҳибсга олиш вақтида шундай иборани айтади: «Сиз сукут сақлашга ҳақлисиз. Айтганларингизнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”. Фильмлардаги мазкур эпизод Америка Қўшма Штатларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳаётидаги қонуний талаб - Миранда қоидасини кўрсатиб беради.
Хўш, Миранда қоидаси ўзи нима? унинг тарихи ва мазмуни қандай? Юқорида айтганимиздек, Миранда қоидаси – АҚШдаги қонуний талаб. Бироқ, фильмлардагидан фарқли равишда, ҳуқуқлар гумонланувчи ҳибсга олинаётганда эмас, сўроқдан олдин ўқиладиган, гумонланувчига унинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилиши лозим бўлган мажбурий қоидадир.
Бу машҳур иборанинг тарихи Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ. Миранда 1941 йил 9 мартда Аризона штатининг Меса шаҳрида туғилган испаниялик рецидивист. Ўз вақтида уни ота-онаси ва ўқитувчилари «тарбияси қийин бола» деб таърифлаган. Саккизинчи синфда у кичик жиноят содир етган ва тўққизинчи синфда ўғирлик учун ҳибсга олинган ва бир йил давомида Аризона штатидаги Ўғил болалар саноат мактабига жойлаштирилган. Озодликка чиққанидан кейин у бир ой ўтиб яна янги жиноятга қўл урган.
Мана шундай ҳаёт тарзига эга бўлган Миранда 1966 йили жиноят содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган.
Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда сўроқ жараёнида қўйилаётган айбловларга иқрорлик кўрсатмасини берган ва судда ушбу кўрсатмадан исбот сифатида фойдаланилган. Буни ноқонуний экани уни ҳимоя қилаётган Aлвин Мур исмли 73 ёшли адвокат томонидан аниқланиб, суд жараёнида у ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқлари тушунтирилмагани, шунинг учун ҳам айбига иқрорлик кўрсатмаси ҳамда қонунбузарликлар билан олинган бошқа далиллар суд ишдан олиб ташланиши кераклигини таъкидлаган. Гарчи биринчи инстанция суди адвокат Мурнинг далилларига ишонмаган бўлсада, кейинчалик 1966 йил 13 июнда АҚШ Олий суди Миранданинг ҳуқуқлари бузилган, деб топган ва ундан иқрорликни олиб ташлаган ҳолда ишни қайта кўриб чиқишга қарор қилган. Шундан сўнг Aмерика полициясида сўроқдан олдин ҳибсга олинганларнинг ҳуқуқларини ўқиши тўғрисида мажбурий тартиб жорий қилиниб, мазкур қоида «Миранда қоидаси» сифатида атала бошланган.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда «Миранда қоидаси» инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар ҳамда кўплаб давлатлар конституцияси ва қонунларига умумеътироф этилган норма сифатида кириб борган. Масалан, Франция қонунчилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳибсга олиниб сўроқ қилинаётган шахсга ҳибсга олишнинг максимал муддати, қариндошлари ёки иш берувчини ҳибсга олингани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи, тиббий кўрикдан ўтиш ва юридик маслаҳат олиш ҳуқуқи ҳақида маълумот берилиши зарур.
Aвстралияда «Миранда қоидаси» маҳаллий тильда «Жим туриш ҳуқуқи» деб ҳам аталади ва унга кўра гумонланувчига сўроқдан аввал “Aгар хоҳламасангиз, бирор ҳаракат қилишингиз ёки айтишингиз шарт эмас. Ҳар қандай сўзларингиз ёки ҳаракатларингиз далил сифатида ишлатилиши мумкин”, дея маълумот берилади ва ундан “Ҳамма нарсани тушундингизми?» деб сўралади. Статистик маълумотларга кўра, одатда айбланувчиларнинг атиги 4-9 фоизи сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланади.
Россия Федерациясида агар шахс гумон қилинувчи сифатида жалб қилинган бўлса, у бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиниши ва хабарномада ушбу шахс гумон қилинаётган аниқ жиноятнинг тавсифи бўлиши ҳамда хабарнома топшираётганда терговчи гумон қилинувчига унинг ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига кўра гумонланувчида адвокатга бўлган ҳуқуқни ва гувоҳлик беришни рад етиш ҳуқуқи мавжуд. Мазкур ҳуқуқий меъёрларни маълум даражада «Миранда қоидаси»нинг муқобили, деб ҳисоблаш мумкин бўлсада амалда, гумонланувчига ҳуқуқлари бўйича тушунча бериш сўроқ баённомасини имзолаш вақтига тўғри келади.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида ҳам «Миранда қоидаси» риоя этилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида сукут сақлаш ҳуқуқи белгиланган. Мазкур моддага мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Бошқача айтганда, «Миранда қоидаси» қонунчилигимизда сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи шаклида ўз ифодасини топган.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасидан ташқари, 46- ва 48-моддаларида ҳам шахс ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортишга ҳақли экани белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур моддалар бўйича гумонланувчи ёки айбланувчи кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига ҳам эга.
Мамлакатимизда ҳам худди «Миранда қоидаси»дагидек гумонланувчи ўз адвокати билан боғланиши ёки адвокат ёллашга имконияти бўлмаса, давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Шу ўринда миллий қонунчилигимизда моҳиятан «Миранда қоидаси» мавжуд бўлса, нима учун Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Конституциямизга «Миранда қоидаси» киритиш таклифи илгари сурилди? деган савол бўлиши табиий.
Мазкур саволга қисқача жавоб берадиган бўлсак, «Миранда қоидаси» амалдаги миллий қонунчилигимизда тўла акс этган, лекин, унинг мазмуни Жиноят-процессуал кодекси моддаларига орасида «сочиб» юборилган. Мазкур қоида биринчи навбатда инсон ҳуқуқига дахлдорлиги учун ҳам у яхлит ҳолда ҳамда конституциявий даражага эга бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Жамиятда «Миранда қоидаси»ни конституциявий даражада белгиланиши биринчи навбатда фуқароларни мазкур қоидадан хабардор бўлиш имконияти кенгайтириши баробарида, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига икки карра масъулият юклайди. Мазкур йўналишдаги ҳуқуқий ислоҳотларнинг барчаси ижтимоий ҳаётда инсон қадри, халқ манфаатларини амалда таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Маматкулов Давлатжон Махаматжонович
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети доценти