Мираки шаҳарчасида экотуризм ривожланмоқда
Мираки шаҳарчаси Шаҳрисабз туманининг энг сўлим гўшаларидан бири саналади.
Хушманзара табиати билан машҳур бу ҳудудда ҳар йили ёз фаслида минглаб сайёҳлар дам олиб, маданий ҳордиқ чиқаради.
Бу ерда туризм салоҳиятини юксалтириш, сайёҳларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида замонавий уй меҳмонхоналари барпо этилиб, экотуризм лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудда экотуризмни ривожлантириш учун канализация қувурлари тортиш, электр энергия сифатини ошириш, йўлларга асфальт қопламалари ётқизиш ишлари бажарилмоқда.
[gallery-8199]
Ушбу йўналишда тадбиркорлик қилиш ниятидаги ишбилармонлар ҳудудда кўп. “Умиров Чакил” хусусий корхонасининг 28 ўринли замонавий уй меҳмонхонаси ҳам ташаббускор тадбиркор томонидан барпо этилди.
–Мираки шаҳарчаси тоғ ён бағрида жойлашганлиги сабабли ёз ойларида бу ерга жуда кўплаб дам олувчи ташриф буюради, - дейди “Умиров Чакил” хусусий корхонаси раҳбари Сирожиддин Умиров. –5 миллиард сўм инвестиция ҳисобидан 28 ўринли уй меҳмонхона ва 80 ўринли умумий овқатланиш шохобчасини барпо этдик. Шунингдек, сауна, бассейн ва очиқ ҳавода дам олиш масканлари меҳмонлар хизматида.
–Шаҳарчага йил давомида 500 минг сайёҳ ва дам олувчи ташриф буюради, - дейди туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари М.Абдулхаиров. – Бу кўрсаткични 1 миллионга етказиш учун инфраструктура билан боғлиқ муаммолар ечилиб, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда. Қашқадарё туризмни ривожлантириш жамғармасидан Мираки шаҳарчаси инфраструктурасини ривожлантириш мақсадида маблағлар ажратилмоқда. Тадбиркорлар томонидан ҳудуднинг хушманзара жойларида енгил конструкцияли экотуризм зоналари ташкил этилиб, кемпинглар ва дам олиш чодирлари қурилади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат),ЎзА