Минтақавий экологик саммит: Бир минтақа, бир истиқбол, бир келажак
2026 йилнинг 22-24 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган минтақавий экологик саммит Марказий Осиё давлатларининг иқлим ўзгариши, атроф-муҳит деградацияси ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш масалаларида умумий ёндашувни шакллантиришга қаратилган муҳим сиёсий-экологик ташаббус сифатида намоён бўлмоқда. Саммит бир марталик тадбир сифатида эмас, балки 2024 йилда бошланган ва 2026 йилда юқори даражадаги сиёсий мулоқот билан якунланадиган изчил тайёргарлик жараёнининг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу икки йиллик жараён доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маслаҳатлашувлар, экспертлик учрашувлари ва институционал мувофиқлаштириш ишлари олиб борилиб, якунда экологик йўналишдаги қўшма механизмлар ва амалий ташаббуслар тақдим этилиши кутилмоқда.
Мазкур ташаббус халқаро даражада ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2023 йил 19 декабрда қабул қилинган 78/147-сонли резолюцияси орқали Марказий Осиёда экологик муаммоларни бартараф этиш йўлида минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Саммитни тайёрлаш ва ўтказиш жараёнида БМТнинг қатор ихтисослашган тузилмалари ва халқаро институтлар иштирок этиши режалаштирилган.
Хусусан, учта глобал экологик ҳужжат — БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси, Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция ҳамда Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенция котибиятлари жараёнда фаол иштирок этмоқда. Бу эса саммитнинг глобал экологик кун тартиби билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Саммитнинг мазмун-моҳияти Марказий Осиёдаги долзарб экологик муаммоларни минтақавий ёндашув асосида ҳал этишга қаратилган. Жумладан, атроф-муҳит инқирозининг ёрқин рамзига айланган Орол денгизи фожиаси ва сўнгги йилларда хавотирли суръатларда пасайиб бораётган Каспий денгизи сатҳи каби масалалар умумий муҳокама марказида бўлади. Бу муаммолар бир давлат доирасида ҳал этилмайдиган, балки ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсат ва ҳаракатларни талаб қиладиган мураккаб экологик жараёнлардир.
Шу билан бирга, саммит доирасида мослашув чоралари, кам углеродли технологияларни жорий этиш ва “яшил” молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Минтақанинг аниқ экологик ва иқлим эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва инвестицион лойиҳалар портфелини шакллантириш режалаштирилган. Ушбу саммит давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва хусусий сектор ўртасида мулоқотни кучайтириш учун ўзига хос платформа вазифасини бажаради. У нафақат муаммоларни муҳокама қилиш, балки аниқ амалий ечимларни белгилаш ва келгуси ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш имконини беради.
Якуний босқичда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан экология ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилиниши, шунингдек, БМТ институтлари билан биргаликда 2026-2030 йилларга мўлжалланган минтақавий ҳаракатлар дастури тасдиқланиши кутилмоқда. Бу ҳужжатлар минтақада экологик сиёсатни мувофиқлаштириш ва умумий кун тартибини шакллантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
2024 йилдан бошланган тайёргарлик жараёнлари доирасида ўтказилаётган маслаҳатлашувлар ва экспертлик учрашувлари мазкур ташаббуснинг мустаҳкам институционал пойдеворга эга эканлигини кўрсатмоқда. “Минтақавий ва экологик ресурслар - 2026” ташаббуси эса ушбу жараённи мантиқий якунлаб, минтақанинг экологик кун тартибига қўшимча сиёсий туртки бериши кутилмоқда. Бу йўналишлар саммит кун тартибидаги мослашув ва барқарорлик масалалари билан тўғридан-тўғри боғлиқдир.
Атроф-муҳит деградациясининг глобал рамзига айланган Орол денгизи ҳудудида экотизимни тиклаш, яшил ҳудудларни барпо этиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилди. Шунингдек, минтақадаги гидрологик мувозанатга таъсир кўрсатаётган омиллар фонида Каспий денгизи сатҳининг пасайиши масаласи бўйича ҳам илмий тадқиқотлар ва минтақавий мулоқотларда фаол иштирок этилди. Бу масалалар саммитда муҳокама қилиниши режалаштирилган устувор мавзулар қаторига киради.
Иқлим ўзгариши таъсирлари кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистон мослашув чораларига алоҳида эътибор қаратди. Охирги йилларда мамлакат ҳудудида ўртача ҳароратнинг сезиларли ошиши, сув ресурсларига босимнинг кучайиши ва чўлланиш жараёнларининг тезлашиши давлат даражасида махсус дастурларни ишлаб чиқишни тақозо этди. Шу мақсадда иқлимга мослашув, ер ресурсларини тиклаш, ўрмонзорларни кенгайтириш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича миллий дастурлар молиялаштирилди.
Чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш ва қайта фойдаланиш тизимини жорий этиш, шаҳарларни яшиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва кам углеродли технологияларни татбиқ этиш бўйича ислоҳотлар ҳам жадаллаштирилди. Давлат-хусусий шериклик асосида чиқиндилар инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳоли ўртасида саралаш маданиятини шакллантириш ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш чоралари кўрилиши шулар сирасидан. Бу йўналишлар саммитнинг кам углеродли ривожланиш ва “яшил” молиялаштириш мавзулари билан уйғунлашди.
Шу тариқа, 2024-2026 йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилган экологик ва иқлим ислоҳотлари 2026 йилги минтақавий экологик саммитда илгари сурилаётган ташаббусларни миллий даражада амалий мазмун билан тўлдирди. Миллий сиёсат, институционал ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва амалий лойиҳалар ўртасидаги уйғунлик Ўзбекистонни минтақада экологик барқарорликни таъминлаш бўйича фаол иштирокчига айлантирди ҳамда келгусида қабул қилиниши кутилган қўшма декларация ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган минтақавий ҳаракатлар дастури учун мустаҳкам замин яратди.
Умуман олганда, минтақавий экологик саммит Марказий Осиё давлатларининг экологик хавфсизлик, иқлим барқарорлиги ва табиий ресурсларни асраш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи стратегик платформа сифатида тарихий аҳамият касб этиши мумкин. Бу ташаббус миллий даражадаги ислоҳотларни минтақавий ўлчов билан бойитиб, барқарор келажакни таъминлаш йўлида янги ҳамкорлик моделини шакллантиришга хизмат қилади.
Шуҳрат Ҳожимуродов,
Барқарор ривожланиш маркази
бош мутахассиси