Мини-футбол бўйича ДХХ кубоги ғолиб ва совриндорлари аниқланди
“Бунёдкор” стадионида мини-футбол бўйича ДХХ кубогининг ҳал қилувчи баҳслари бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг 14 ҳудудидан ташриф буюрган жамоалар кубок учун баҳс олиб борди.
Муросасиз ва қизғин кечган учрашувларда иштирокчилар юқори спорт маҳорати, жамоавий ҳамжиҳатлик ҳамда ғалабага бўлган қатъиятини намойиш этди.
Финал баҳслари якунларига кўра, ўғил болалар ўртасидаги мини-футбол мусобақасида Қашқадарё вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тошкент шаҳри иккинчи, Наманган вилояти жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса Тошкент вилояти жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Самарқанд вилояти иккинчи, Тошкент шаҳри жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ДХХ кубоги ёшларнинг спортдаги маҳоратини намоён этиш билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавийлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА