Минглаб ёшларни бирлаштирган New Uzbekistan Business Case Competition танловининг финал босқичи ўтказилди
Бизнесда мўлжални тўғри олиш, оқилона ва асосланган қарорлар қабул қилиш муваффақият омили саналади. “Янги Ўзбекистон” университетида ташкил этилган New Uzbekistan Business Case Competition танлови ана шундай катта мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Ушбу олий ўқув даргоҳида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга жалб этишга қаратилган стратегик сиёсат доирасида New Uzbekistan Business Case Competition танловининг финал босқичи юқори савияда бўлиб ўтди.
Мазкур танлов 2026 йил 14 февралдан бошлаб ташкил этилиб, қисқа вақт ичида халқаро миқёсдаги йирик платформага айланади. Танлов доирасида 6 та давлатдан 230 дан ортиқ жамоа, яъни 1000 нафардан ортиқ иқтидорли ёш рўйхатдан ўтиб, ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
[gallery-28708]
Иштирокчилар таркиби Ўзбекистон билан бир қаторда халқаро ҳамжамият вакилларини ҳам қамраб олиб, танловнинг глобал аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Танлов давомида ҳар ҳафта ўтказиладиган саралаш босқичлари орқали иштирокчилар реал бизнес муаммолари асосида ишлаб чиқилган кейслар устида ишлади.
Ушбу жараён ёшларнинг стратегик фикрлаш, комплекс таҳлил қилиш ва инновацион қарорлар ишлаб чиқиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Кучли рақобат асосида энг илғор жамоалар саралаб олиниб, финал босқичига йўл олди.
Танловнинг финал босқичида 4 та энг кучли жамоа ўзаро беллашади ҳамда йирик компаниялар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган реал бизнес масалалар бўйича ўз ечимларини тақдим этди.
Финал босқич доирасида халқаро даражадаги етакчи экспертлар иштирокида “сунъий интеллект даврида бизнес таълимининг келажаги” мавзусида муҳокамалар ҳам ташкил этилди.
Танлов жараёни давомида иштирокчилар McKinsey, Boston Consulting Group, Mastercard, KPMG каби глобал компаниялар вакиллари билан бевосита ишлаш, уларнинг тажрибасидан ўрганиш ва профессионал тармоқни кенгайтириш имкониятига эга бўлди.
New Uzbekistan Business Case Competition – бу наинки танлов, балки ёшларнинг амалий билимларини синовдан ўтказадиган, уларни реал бизнес муҳитига яқинлаштирадиган ва янги авлод лидерлари ҳамда тадбиркорларини шакллантирадиган стратегик платформа. Мазкур ташаббус орқали ёшлар замонавий иқтисодиёт талабларига мос инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш орқали мамлакатимиз тараққиётига бевосита ҳисса қўшади.
“Янги Ўзбекистон” университетида ташкил этилаётган бундай йирик ва халқаро миқёсдаги ташаббуслар ёшларни глобал фикрловчи, рақобатбардош ва ташаббускор мутахассислар сифатида шакллантиришга хизмат қилади ҳамда давлатимизнинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Танлов якунида энг юқори натижаларни қайд этган жамоа ғолиб деб эълон қилинди ва тантанали равишда тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов(суратлар),
ЎзА мухбирлари