Минглаб оналар вокзалга нега чиқди?..
Иккинчи жаҳон урушида эришилган Буюк ғалабага ўзбек халқининг асл ўғил-қизлари жанг майдонларида кўрсатган мардлиги ва матонати, жасорати ва фидойилиги билангина эмас, фронт ортидаги мардонавор меҳнати ва мисли кўрилмаган саховати билан ҳам улкан ҳисса қўшдилар.
Иккинчи жаҳон урушида эришилган Буюк ғалабага ўзбек халқининг асл ўғил-қизлари жанг майдонларида кўрсатган мардлиги ва матонати, жасорати ва фидойилиги билангина эмас, фронт ортидаги мардонавор меҳнати ва мисли кўрилмаган саховати билан ҳам улкан ҳисса қўшдилар.
Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллиондан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингтаси болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.

Кўчириб келтирилган болаларни қабул қилишни тартибли йўсинда ташкил этиш мақсадида республика ҳукуматининг қарори билан 1941 йил октябрда эвакуация қилинган болаларни қабул қилиш учун марказий пункт ташкил этилиб, жойлаштириш бўйича республика, вилоят, шаҳар ва туман комиссиялари тузилди. Кўпгина оилалар 20 тагача етим болаларни ўз тарбиясига олган.
Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби фарғоналиклар ҳам бутун собиқ иттифоқидан мамлакатга юборилган одамларни инсонийлик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат билан, айниқса, етимларни ўзбекона оналик меҳри билан кутиб олди. Ўзбекистонлик аёлларга эвакуация қилинган болаларни асраб олишга ва оналик меҳри кўрсатишлари ҳақида қилинган чорловларга минглаб аёллар келган. Улар вокзалларга келиб болаларни ўз оилаларига олиб кетган.

– Эвакуация қилинганларнинг ўзларини ҳеч кимга кераги йўқ, бегоналардек ҳис қилмасликлари учун қўлидан келганларича ҳаракат қилишди, улар учун болалар уйлари ташкил этилди, – дейди Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Юсуфжон Камолов. –Меҳнат фаолиятларини олиб бориш ва техникумларда ўқишларини давом эттиришлари учун кенг шароитлар яратилди. Булар тўғрисида Фарғона вилоят давлат архиви сақловидаги мавжуд тарихий ҳужжатлар гувоҳлик беради. Жумладан, давлат архиви сақловидаги Ўз.ССР ЦК КП (бюро) Коммунистик партия Марказий қўмитасининг ва Ўзбекистон ССР халқ комиссарият кенгашининг (ФВДА ф.1124.р.7 ҳ.46 в.293-294, 1941 йил) 1941 йил 15-26 ноябрь кунги “Фронтолди чизиқларидан эвакуация қилинган болаларни жойлаштириш” тўғрисида” ги №1758-қарори билан вояга етмаганларнинг тақсимлаш тартиби ишлаб чиқилган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 15 ёшгача бўлган болаларни Ўзбекистон ССР халқ маориф комитети (наркомпрос) йўлланмаси орқали болалар уйига юбориш, 15 ёшдан катта ўсмирларни наркомат ёки хўжалик ташкилотлари йўлланмаларига асосан ишлаб чиқаришга ва қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиш, шунингдек, ФЗТ (Фарғона завод таълими) мактаби, ҳунармандлар ва темирйўл билим юртларига жойлаштириш белгиланган.

Вилоят ижроия қўмита кўрсатмаси билан фронтолди ҳудудлардан эвакуация қилинган болалар уйи тарбияланувчилари учун қишлоқ худудларида жой тайёрлаш ишлари олиб борилган. Хусусан, Фарғона вилояти бўйича 300 та лагерлар ва 28 та ўқув юртлари мол-мулклари ҳамда 300 дан ортиқ гўдаклар уйларини қўшимча жихозлаш вазифалари белгиланган.
Фарғона вилоят ижроия қўмитасининг ишчи депутатлар кенгаши ва Фарғона вилоят (КП-(Б)) Коммунистик партия бюросининг (ФВДА ф.1124 р.7 ҳ.47 в.68 1941 й) 1941 йил 9 декабрь кунги “Воронеж вилоятидан 5 та болалар уйи ва 1 та гўдаклар уйидан келган болаларни Фарғона вилоятга жойлаштириш тўғрисида” ги №105-сон қарори 2-бандида баён қилинишича, Воронеж вилоятидаги бир қатор болалар уйларининг тарбияланувчилари Фарғона вилоятидаги турли ҳудудларига жойлаштирилган. Жумладан, Россошан болалар уйидан 110 нафар болалар Қўқонга, Контимиров болалар уйидан 64 нафар болалар Фрунзе райони ( ҳозирги Данғара) Найман қишлоғига, Вогучар болалар уйидан 84 нафар болалар Ганжиравон қишлоғига, Воронеж вилоятининг 20-сонли гўдаклар уйи тарбияланувчилари Марғилон шаҳридаги 1-сонли болалар боғчасига жойлашиб, халқимиз меҳридан баҳраманд бўлган.

Фарғона вилоят ишчи депутатлар ижроия қўмитаси (ФВДА ф.1124, р.7, ҳ.1087, в.12, 1943 й)нинг 1943 йил 10 июнь кунги “Вилоятнинг районларида янги болалар уйлари ташкил этиш тўғрисида”ги № 437-сон қарорига асосан Сўх районида 100 киши, Молотов районида 200 киши, Бувайда районида 150 киши ва Фарғона шаҳрида 250 кишига мўлжалланган қўшимча болалар уйлари ташкил этилган. Янги ташкил этилган болалар уйларига ёрдамчи хўжалик сифатида фойдаланиш учун 5-10 гектардан ер участкалари ажратилган.
Фарғона вилоят ижроия қўмитасининг халқ таълими бўлими ва халқ маориф комитети (ФВДА ф.1125, р.1, ҳ.116, л.68,72, 1943-1945 йй) архив фондининг Фарғона вилоят болалар уйларининг 1944-1945 йиллардаги ҳолати ва уларнинг қишги мавсумга тайёргарлиги тўғрисидаги ҳужжатда Фарғона вилоят бўйича 01.01.1944 йил ҳолатига кўра 4880 нафар тарбияланувчиларни ўз ичига олган 33 та болалар уйи бўлган, 1944 йил давомида эса Тошлоқ, Водил ва Фарғона шаҳарларида яна 3 та болалар уйи очилган. Етим болаларнинг 1852 нафари қиз болалар эканлиги, чин етимлар сони 1258 тани ташкил этиб, уруш қатнашчиларининг болалари 1871 тани улардан 207 таси гўдаклар ва 1280 таси эвакуация қилинган болалардан иборат эканлиги баён қилинган.
Яна минглаб етим болаларни эса фарғоналик оилалар ўз бағриларига олиб, уларнинг ўксинтирмай, бахтиёр яшаши учун борларини аямаганлар. Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган халқимизнинг ана шундай олийжаноб ишларини барча мамнуният билан эсга олади. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, ўзбек оилаларида бошпана топиб, ҳаётдан ўз ўрнини топган минглаб турли миллат вакиллари Ўзбекистонни жон қадар ардоқлашади.