Мингбулоқда янги ерлар ўзлаштирилади
Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров Мингбулоқ туманидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан танишди.
Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров Мингбулоқ туманидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан танишди.
Ҳоким туманда коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида аҳолининг кундалик турмуш тарзи, ишлаб чиқариш корхоналари, қишлоқ хўжалиги субъектларида кечиктириб бўлмас вазифаларнинг ижросини ўрганиш, жорий муаммоларни тезкор бартараф этиш масалаларига эътибор қаратди.
Вилоят ҳудудининг салмоқли қисмини ташкил этадиган Мингбулоқ туманида қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Жумладан, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости захира сувлари мавжуд ерларни ўзлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга инновацион лойиҳа ва инвестицияларни жалб этиш истиқболли ҳамда бугуннинг энг муҳим вазифалардан биридир. Ҳоким туман мутасадди ва мутахассислари билан шу масала бўйича маслаҳатлашди.
Ҳозирда туманнинг Гулистон ва Гигант муқобил машина-трактор парклари ҳудудларида 1000 гектардан кўпроқ ўзлаштирилмаган ерлар мавжуд. Бу ерларда ирригация тармоқлари, насос агрегатлари ва тик суғориш қудуқлари қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилади ва натижада муомалага киритиладиган майдонлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига интенсив балиқчилик ва боғдорчилик, замонавий иссиқхоналар ташкил этиш учун берилади. Шоли, мойли ва озуқа экинлари, тут кўчатлари плантациялари яратилади.
– Ўзлаштириладиган ерлар биринчи навбатда кам таъминланган, муқим даромадга эга бўлмаган оилалар, пандемия шароитида ишсиз қолган ҳамюртларимизга берилади, – дейди Х.Бозоров. – Улар шунинг орқасидан озми-кўпми даромадга эга бўлади, рўзғорини тебратади. Қолаверса, бозорларимизда бу ерда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобига мўл-кўлчилик, арзончилик бўлади, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади.
Туман ҳокими ва сектор раҳбарларига бу борада зудлик билан ишга киришиш, амалий ишлар учун зарур техника ва ишчи кучларини жалб этиш, шунингдек унумдорлиги паст ерларни тадбиркорларга бериш, ҳар бир қарич майдондан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.