English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минг йиллик муҳандислик мўъжизаси: Қадимий Тошкентнинг мукаммал санитария тизими

Инсоният тарихида тамаддунлар нафақат осмонўпар саройлари ёки маҳобатли бинолари, балки аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган мураккаб муҳандислик ечимлари билан ҳам ўлчанади.

1966 йилнинг сентябрь ойи, апрелдаги зилзиладан кейин Тошкент шаҳри учун синовли ва айни пайтда янгиланиш даври бўлган куз фаслида, пойтахтнинг ҳозирги Содиқ Азимов кўчасида олиб борилаётган қурилиш ишлари жараёнида кутилмаган ҳолат юз берди. Ер қаърини кавлаётган қурувчилар тупроқ қатламлари остида ғаройиб, пишиқ ғиштдан бунёд этилган қадимий иншоот қолдиқларига дуч келдилар. Ушбу топилма шунчаки эски бино пойдевори эмас, балки ўрта асрлар Тошкентининг шаҳарсозлик маданиятидан далолат берувчи, мукаммал лойиҳалаштирилган ер ости оқинди сув тармоғи – канализация тизими эди. 

Мазкур гидротехник ёдгорликни илмий асосда ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти томонидан махсус гуруҳ ташкил этилди. Таниқли олимлар В.И.Спришевский, А.Р.Муҳаммаджонов ҳамда фотосуратчи С.А.Давидовлардан иборат гуруҳ топилма жойида синчковлик билан иш олиб бориб, ҳар бир ғишт ва тупроқ қатламини ўргандилар. Қазишма ишларини бевосита кузатиш учун академиянинг йирик намояндалари – академик Яҳё Ғуломов ва мухбир аъзо Василий Шишкинлар ҳам ташриф буюриб, ушбу иншоотга юксак баҳо бердилар. Уларнинг илмий хулосаларига кўра, ер сатҳидан нақ 3 метр чуқурликда жойлашган бу қурилма оддий ариқ эмас, балки шаҳар санитариясини таъминлашга хизмат қилган йирик тизимнинг бир қисми эди.

Топилманинг тузилиши ва ўлчамлари ўша давр усталарининг геометрия ва гидравлика қонунларини чуқур билганидан далолат беради. Иншоотнинг кесими равоқсимон (арка) шаклида бўлиб, у тўғри бурчакли пишиқ ғиштлардан лёсс тупроқли қоришма ёрдамида маҳорат билан терилган. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, равоқ гумбазининг қалинлиги бир ярим ғишт ҳажмида бўлиб, 55 сантиметрга етади, бу эса унинг юқоридан тушадиган улкан босимга дош беришини таъминлаган. Иншоотнинг умумий баландлиги 138 см ни ташкил этган бўлса, гумбаз қулфининг қадимий ер сатҳидан баландлиги 83 см га тўғри келган. Бу ўлчамлар иншоот ичида одам эмаклаб ёки эгилиб ҳаракатланиши, яъни тизимни тозалаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш имконияти мавжуд бўлганини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида, шаҳар хўжалигида махсус хизмат кўрсатиш гуруҳлари фаолият юритганини англатади.

Қадимий муҳандисларнинг маҳорати ғиштларни териш усулида ҳам яққол намоён бўлади. Равоқнинг ташқи томонидаги ғиштлар орасидаги чоклар 2–4  сантиметрни ташкил этса, ички юзасида бу масофа деярли сезилмайди, бу эса иншоотнинг сув ўтказувчанлигини яхшилаш ва чиқиндиларнинг деворларга ёпишиб қолишининг олдини олишга хизмат қилган. Умуман олганда, гумбаз тўғри овал шаклида барпо этилган бўлиб, бу шакл суюқлик оқимининг тезлигини ошириш ва чўкиндилар тўпланишини камайтириш учун энг мақбул ечим ҳисобланади. Қурилиш ишлари давомида ишлатилган ер қазиш техникалари таъсирида иншоотнинг айрим қисмлари, жумладан гумбазнинг тепа қисми шикастланган бўлса-да, сақланиб қолган қисмлар унинг асл қиёфасини тиклаш ва ўрганиш учун етарли асос бўлиб хизмат қилди. Ички ва ташқи томондаги айрим ғиштларнинг чиқиб туриши ёки ботиқлигини ҳисобга олмаганда, қурилманинг умумий геометрияси ҳайратланарли даражада мунтазамдир.

Академик Абдулаҳад Муаммаджоновнинг ёзишича, иншоотнинг мустаҳкамлигини таъминлашда унинг пойдевори ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Қадимий бинокорлар гумбаз пойдеворини синдирилган қумтош бўлакларидан, ташқи томондан икки қатор, ички томондан эса бир қатор қилиб терганлар. Бу тош бўлаклари иншоотнинг зилзилаларга ва тупроқ силжишларига бардошлилигини оширган. Пойдеворнинг қалинлиги ташқи томондан 30 см, ички томондан эса 10 см бўлиб, унинг юқори чизиғи тахминан 15 даражали қияликка эга бўлган. Бундай нозик ҳисоб-китоб, яъни қиялик бурчагининг аниқ белгиланиши, гумбаз ғиштларини маълум бир бурчак остида, оғирлик кучи марказини тўғри тақсимлаган ҳолда териш имконини берган. Буларнинг барчаси ХI – XII асрларда яшаган аждодларимизнинг нақадар кучли математик ва физик билимларга эга бўлганлигини исботлайди.

Археологик тозалаш ишлари давомида иншоотнинг ичи гумбаз қулфигача лойқа чўкиндилари билан тўлганлиги аниқланди, бу эса мазкур канализация тармоғидан узоқ йиллар давомида узлуксиз фойдаланилганидан далолат беради. Чўкиндилар орасидан сирланмаган, қалин сопол идишларнинг синиқлари ва йирик ҳайвон тишининг топилиши, бу тармоққа маиший чиқиндилар ҳам оқизилганини тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу муҳандислик иншооти ўрта аср Тошкентининг (Бинкатнинг) рабод қисмида ёки йирик карвонсарой ҳудудида жойлашган бўлиб, ХI аср охири ёки XII аср бошларида барпо этилган. Иншоотнинг йўналишига қараб хулоса қилинганда, оқинди сув қувури Салор каналига чиқиб кетганлиги маълум бўлади. Бу эса шаҳарнинг табиий рельефидан усталик билан фойдаланилганлигини, ифлос сувларни шаҳар ташқарисига чиқариб ташлаш тизими пухта ўйланганини кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги Содиқ Азимов кўчасида топилган ушбу ёдгорлик Тошкент ҳудудида аниқланган ягона канализация қолдиғи эмас. Ўтмишда ҳам шаҳарнинг турли нуқталарида шунга ўхшаш, пишиқ ғиштдан бунёд этилган ва маҳаллий аҳоли тилида “тазар” деб аталувчи ер ости қурилмалари учраб турган. Хусусан, Эскижўвадан топилган тазар Лабзак ариғи қирғоқларига йўналтирилган бўлса, ҳозирги Бешёғочдаги Хонақоҳ маҳалласида аниқланган бошқа бир тазар Анҳор томон йўналтирилган эди. Учинчи бир шундай қурилма эса XVI асрга оид машҳур Кўкалдош мадрасаси яқинида қайд этилган. Афсуски, вақтида бу ёдгорликлар чуқур илмий тадқиқ этилмаган бўлса-да, уларнинг мавжудлиги Тошкентда ягона, марказлашган ва тармоқланган оқинди сувларни чиқариш тизими мавжуд бўлганини тасдиқлайди.

Ушбу тарихий манзарага назар ташлар эканмиз, кўз ўнгимизда нафақат савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлган, балки коммунал инфратузилмага эга бўлган шаҳар гавдаланади. ХI – XII асрларда, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ҳали оддий ариқ тизими ҳам тўлиқ шаклланмаган бир пайтда, диёримизда ер ости ғиштли коллекторлар орқали санитария масалалари ҳал этилган. Тошкентнинг қадимий “тазар”лари шаҳарсозлик маданиятимизнинг теран илдизларга эга эканлигини, аждодларимизнинг табиат ва жамият ўртасидаги мувозанатни сақлаш, шаҳар аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги билимлари анча илгарилаб кетганини намоён этади. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА