Минг дардга даво шифобахш гиёҳлар
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 80 йиллигига
Маълумки, қадимдан инсоният табиат неъматларидан касалликларни даволашда фойдаланиб келган. Шифобахш ўсимликлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш борасида Абу Али ибн Сино ўзининг “Ал-Қонун” асарида 476 га яқин ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари ва уларни ишлатиш усуллари тўғрисида маълумотлар келтирган.
Юртимизнинг барча ҳудудларида турли хил ўсимликлар бор. Ҳозирда 4500 дан зиёд ўсимлик турлари мавжудлиги аниқланган. Булардан 750 га яқини шифобахш ҳисобланади. Шулардан табиий шароитда ўсадиган ва маданийлаштирилган 120 га яқин ўсимлик турларидан илмий ва халқ табобатида фойдаланиб келинади. Тиббиётда қўлланиладиган дори-дармонларнинг 47 фоизи ўсимлик хомашёларидан олинади.
Сўнгги йилларда табиий доривор ўсимликларга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Чунки, шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дори-дармонлар инсон организмида ҳеч қандай салбий асоратлар қолдирмайди. Шу боисдан доривор ўсимликлардан тайёрланган дори препаратларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Республикамиз ҳудудидан йиғиб олинадиган ёввойи доривор, озиқ-овқат ва айрим саноат ўсимликлар хомашёсига бўлган эътибор йил сайин давлат назоратида бўлмоқда.
Табиий ҳолда ўсувчи ва интродукция қилинган ўсимликларнинг хомашё базасини, кимёвий таркибини ўрганиш ва улар асосида фитопрепаратлар тайёрлаш замонавий фармацевтиканинг долзарб муаммолардир. Замонавий тиббиётда янги табиий биологик фаол бирикмалар манбаларини қидиришга катта аҳамият берилмоқда. Халқ табобати ва илмий тиббиётнинг мамлакатимиздаги фарматцевтик ишлаб чиқаришни яхшилаш мақсадида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида” ва “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.
Айниқса, табиий ўсимликлар хомашёсидан оқилона фойдаланиш, биологик фаол моддаларнинг истиқболли ўсимлик манбаларини излаш маҳаллий доривор ўсимликлардан олинган моддалар (субстансиялар) асосида дори препаратларини тайёрлаш асосий вазифалардан ҳисобланади. Флорадаги кўплаб табиий доривор ўсимликлар шу вақтгача илмий-амалий тадқиқотлар асосида (ресурслар, тузилмаси, фармакологик) ўрганилмаган ва бундай ишлар илмий қизиқишларга сабаб бўлади. Уларнинг кимёвий таркиби ҳам кам ўрганилган ёки номаълум ёки ягона ўсимликлар органларидан, бу эса тиббий дори-дармонлар арсеналини тўлдиришга имкон бермайди. Чунки ўсимлик воситаларидан фойдаланиш хавфсиз бўлиб, синтетик аналогларга қараганда самараси юқори.
Ҳозирда флорада табиий тарқалган ва маданийлаштирилган ҳолдаги 750 тур доривор ўсимликлар мавжуд бўлиб, шундан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун фармакологияга киритилган, республика ва ўрмон фонди ерларида ўсаётган 70 турдаги доривор ўсимликлардан ҳар йили хомашё тайёрлаш республика квотасига киритилган. Маълумотларга кўра, 2019 йил 40 миллион доллар, 2020 йил 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. 2021 йилнинг 9 ойи давомида дунёнинг 33 давлатига 40 миллион АҚШ доллари миқдорида доривор ўсимлик хомашёлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар экспортга чиқарилган. Бироқ доривор ўсимликлардан хомашё тайёрлашнинг ошиши, айрим табиий доривор ўсимликларнинг камайишига ҳам олиб келмоқда.
Шуни эътироф этиш жоизки, Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг интродукцияси ва иқлимлаштириш соҳасида Ўзбекистон республикаси Фанлар Академиясининг Ботаника институти ва Ботаника боғи олимлари томонидан улкан ишлар амалга оширилди. Ўтган асрнинг 1950 – 1965 йилларида академик Ф. Н. Русанов бошчилигида Ер шарининг деярли барча флористик ҳудудларидан ўсимликлар йиғиб келинди ва уларнинг намуналари тузилди. Шунингдек, Ҳ.Хўжаев ва Ҳ.Холматов коллекциядаги доривор ўсимликларни маданий ҳолда ўстириш ва уларга қўлланиладиган агротехник тадбирлари устида илмий иш олиб борди. В.Белолипов Ўрта Осиё флорасида учрайдиган ўсимликларни Тошкент Ботаника боғи интродукция шароитида экологик жиҳатдан мослашиш хусусиятларини тавсифлаб берди. А.Абдураҳманов ва П.Валихўжаева томонидан Шарқий Осиё флористик ҳудудига мансуб бўлган 25 турнинг интродукцияси ўрганилди. Бу тадқиқотлардан сўнг Тошкент шароитида 500 дан зиёд ўсимлик турларининг коллекциялари ташкил қилинди.
Ё.Тўхтаев Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника боғи Доривор ўсимликлар лабораториясидан 37 оила ва 90 туркумга мансуб 111 тур интродисент доривор ўсимликлар, уларнинг 77 тури кўп йиллик ва 34 тури бир икки йиллик ўсимликларни шўр тупроқларда доривор ўсимликларни интродукцияси жараёнида шўрга чидамли турларини танлаш мақсадида, ўстириш имкониятларини аниқлаш ва биоэкологик хусусиятларни ўрганиш, уларнинг айримларидан ўзлаштирувчи ўсимликлар сифатида фойдаланиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борди. Илмий тадқиқот натижаларига кўра шўр тупроқларда интродукция қилинган 111 турдан 69 таси кўкарувчанлик хусусиятига эгалиги аниқланган. Интродукция жараёнида шўр ерларда 47 тур ўсимликнинг, улардан 19 тури икки хил даражада шўрланган тупроқларда ҳам ўсганлиги кузатилган.
Доривор ўсимликлар коллекциясидаги турлар сонига аниқлик киритиш мақсадида қайта инвентаризация қилиш ишлари амалга оширилиб, айни вақтда мавжуд коллекцияларда рўйхатдаги 50 та оила, 84 та туркум ва 92 та тури қайд этилди. Доривор ўсимликлар интродукцияси лабораториясининг тажриба майдонларига Қашқадарё ва Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида тарқалган доривор турлардан Туркистон аюгаси, қонтепар, келажакда истиқболли эфир-мойли, доривор, зиравор ўсимликларнинг коллекциясини яратиш учун гулбандли кийик ўт, чой ўт, қизилпойча, тоғрайҳон, оддий тоғрайҳон каби турларидан намуналар экилди. Шунингдек, юрак-қонтомир касалликларида фойдаланиладиган доривор ўсимликлар коллекциясини яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Олимжон Ҳожиматов,
ЎзРФА Ботаника институти ходими,
биолoгия фанлари доктори, профессор
ЎзА