Миллийлик доим юксак қадр топади
Мамлакатимизда ўтказилаётган Маданий мерос ҳафталиги ижодий лойиҳалар, шу жумладан, ёрқин миллий санъатимиз акс этган концертлар, мусиқий дастурларга ҳам бой бўлмоқда. Унда мамлакатимизнинг барча санъат усталари фаол қатнашмоқда.
Барча санъаткорларнинг ижроси каби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов ижросидаги ўзбек миллий қўшиқлари хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
– Бундай нуфузли маданий-маърифий лойиҳада қатнашаётганимдан беҳад мамнунман. Бугунги дунёдаги мураккаб вазият барчамиздан янада аҳил, ҳамжиҳат бўлишни талаб этаётгани тадбирлар давомида яққолроқ намоён бўлмоқда. Миллий қўшиқлар асосидаги бадиий дастур билан концертларда иштирок этдим. Бевосита мазкур Маданий ҳафталикка келсак, бу туркий халқлар маданияти, бой меросини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади. Эътиборга молик жиҳати, Маданий ҳафталик иштирокчиларига миллий мусиқа, рақс санъатимизнинг барча мактаблари билан батафсил танишиш, ундан баҳра олиш имконияти яратилди.
Айтиш жоизки, санъат ривожида "устоз-шогирд" анъаналари бениҳоя катта ўрин тутади. Биз ҳам устоз санъаткор Камолиддин Раҳимовдан ижро маҳорати билан бирга шеъриятга, сўзга масъулият билан ёндашиш кераклигини ўрганганмиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб ғазалиётига мурожаат этиб, шу асосда яратилган қўшиқлар юртимиз ҳамда чет эллик мухлисларга ғоят манзур бўлгани ижодкор сифатида менга илҳом бағишлайди. Бундай эҳтиром қўшиқларнинг миллийликка, сўзда ҳам, созда ҳам соф ўзбекона оҳангларга йўғрилгани билан белгиланади. Шу билан бирга болалар мусиқа ва санъат мактабларида санъат сирларини имкон қадар ёшларга ўргатишга ҳаракат қилмоқдаман.
Хулоса тарзида айтмоқчиманки, ўз асл қиёфаси, миллий руҳини сақлаб қолган ижод намунаси у хоҳ қўшиқчилик, хоҳ рақс бўлсин, доим миллати, тилидан қатъий назар, барча мухлислар томонидан юксак қадрланади. Маданий мерос ҳафталигида бу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топмоқда.
Назокат Усмонова,ЎзА