
Бухорода “Миллий тикланиш” Демократик партиясининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлар, зиёлилар, ёшлар, санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўз олган “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов, партиянинг бугунги ютуқлари ортида халқимизнинг ишончи, фидойи аъзоларнинг меҳнати ва қадриятларга садоқати мужассам эканини таъкидлади. У партиянинг келгуси йиллардаги асосий вазифаси ёшларда миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани асраш ва Ватанга хизмат қилиш руҳини янада мустаҳкамлашдан иборат эканини алоҳида қайд этди.
[gallery-23937]
– Бугун “Миллий тикланиш” Демократик партияси мамлакат сиёсий ҳаётидаги иккинчи йирик куч сифатида ижтимоий ислоҳотлар, маънавий янгиланиш ва миллий тикланиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда, – дейди Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашида “Миллий тикланиш” Демократик партиясидан сайланган депутатлик гуруҳи раҳбари А.Хусейнова. – 30 йиллик тарих бу фахр, масъулият ва келажак сари дадил қадамлар даври ҳисобланади.
Тадбир давомида куй-қўшиқлар, видеороликлар, илиқ тилаклар орқали партиянинг ўтмиши ва бугунги куни мадҳ этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.