Германиялик сиёсий шарҳловчи, «Berliner Zeitung» нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: Йўқотилган қалбни қидириб…”номли суҳбатини ўқиб, кўнглимдан ўтган ўйлар...
Миллат ўзи учун энг муҳим бўлган миллий тафаккурини, яъни ўйлаш, фикрлаш имкониятини асраб қолиши, жуда зарур эканлигига, юқоридаги суҳбатни ўқиб, яна бир бор иймон келтирдим.
Туркий халқлар ва дунё адабиётининг йирик намояндаси Чингиз Айтматов бу ҳодисани бир сўз билан ифодалайди яъни манқуртлик.
Манқуртга айланиш ёки манқуртга айлантирилиш ҳодисаси тарихда ҳам, бугун ҳам кўп учрайди.
Миллатни миллий тафаккуридан айиришни сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов мутлақо янгича фикр билан ифодалайди: Йўқотилган қалбни қидириб...
Қалби йўқолган, йўқотилган миллат, балки моддий томондан фаровон яшар. Лекин у озод фикрлашдан маҳрум бўлади. У эркинлик туйғусини ҳис этмайди. Ҳис этолмайди. У қарамликни, қулликни курашсиз, норизо бўлмасдан, табиий қабул қилади. У бўйсуниб, мутий бўлиб яшайди. Унинг учун муқаддас тушунчанинг ўзи йўқ.
Мана қалбни йўқотиб қўйиш қандай аянчли аҳволларга олиб келади. Қалб йўқотилиши миллат таназзулини билдиради.
Миллатимиз қалбини суғуриб олганлар ўз вақтида мана шу ёвуз мақсадни кўзлаган эди.
Мустамлакачилик зулмига кўниккан миллат ҳатто мустақилликни ҳам мазмун-моҳиятига етиб боролмайди. Унинг тафаккурида қўрқув, ҳадик ҳукмронлик қилади. У эркинлик ҳавосидан нафас ололмайди. Унинг ўпкаси рутубатга, чиркинликка тўлган.
Қайсидир маънода биз мустақилликнинг йигирма беш йилини мана шундай вазиятда ўтказдик.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев миллатга миллий тафаккурини қайтарди. Миллатга фикрлаш, ўйлаш, эркин сўз айтиш туйғуларини қайтариб берди. 25 йил давом этган қалбни қидириш азобига барҳам берилди.
Миллий тафаккури қайтариб берилган миллат ўзининг тарихий илдизларини англаб етди.
Узоққа бориш керак эмас. Миллий тафаккуримиз таназзули оқибатида ҳатто Марказий Осиёда ҳам яккаланиб, ёлғизланиб қолган эдик. Бунинг натижасида бир неча бор урушгача етиб борадиган таҳликали вазиятлар юз берди. Қони бир, жони бир, тили бир, дини бир халқлар ёвлашди.
Миллий тафаккур таназзули туфайли биз дунёдан юз ўгирдик. Ўзбекистон ҳатто туркий тилли давлатлар ташкилотига ҳам аъзо эмасди.
Миллий тафаккур таназзули келтирган салбий воқеаларни ҳатто эслагинг ҳам келмайди. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча инсонлар фарёд чекишди, зор қақшашди.
Фақат 2016 йилга келиб, Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлгандан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати туфайлигина Ўзбекистон ўзгарди. Ўзбекистон янгиланди. Ўзбекистон дунёга очилди.
Ҳеч ким кутмаган, тасаввур ҳам қилолмаган Янги Ўзбекистон яратилди.
Янги Ўзбекистон... Шу ўринда нимага Янги Ўзбекистон деган савол туғилади. Менинг назаримда, бу ном Янги Ўзбекистон номи миллатни миллий тафаккурсиз яшаган даврларидан узоқлаштиради.
Манқуртлик иллатига нисбатан исённи англатади.
Бугун Янги Ўзбекистонда қалбини қидираётганлар эмас, балки миллий тафаккури уйғоқ миллат яшайди.
Бир кун келиб, моддий муаммолар ечилишини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Лекин, маънавий таназзулни бартараф этиш учун йиллар, ҳатто асрлар ҳам етмайди.
Миллатни, миллий тафаккур таназзулидан олиб чиққанларни миллий қаҳрамон деб аташ керак.
АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтоннинг ўз вақтида, америка халқи томонидан “Миллатнинг ишончли отаси” деб номлангани бежиз эмас, албатта.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбатда илгари ҳеч қачон ишлатилмаган қуйидаги ибораларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман:“Йўқотилган қалбни қидириб”, “Марказий Осиё даражасида якдил фикрлаш”, “Ўйинчи катта куч марказлари манфаати”, “Ижтимоий сиёсий тушкунлик, ишончсизлик даври”, “миллий тафаккур давлатнинг колониализм мафкурасига мойиллиги”, “Ёпиқ ва дунёдан узилган давлат”, “Миллий давлат ва миллат қуриш жараёнлари”, “Урушлар босқинлар тарихнинг бир бўлаги экан, демак, ҳукмронлар ва мазлумлар доим бўлади”.
Миллатни миллий тафаккур таназзулидан олиб чиқиш ҳақида жуда чуқур, таҳлилий суҳбатни ўқиб жуда таъсирландим. Бугун бизга юзаки таҳлиллар, баландпарвоз мақтовлар эмас, айнан мана шундай таҳлиллар зарур...
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.