“Миллий саноат занжири” кўргазмасида ОКМК эътироф этилди
Олдин хабар берганимиздек, Оҳангарон шаҳрида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Электрон кооперация портали ҳамкорлигида “Миллий саноат занжири” кўргазмаси ўтказилган эди.
Унда 3,5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиб, йирик саноат корхоналари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, илмий ҳамда олий таълим муассасалари фаол иштирок этди. Кўргазманинг якунларига кўра, жами 672 та келишувга эришилиб, умумий қиймати қарийб 1,8 триллион сўмлик битимлар шакллантирилди.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳам кўргазмада фаол иштирок этди. Кўргазманинг биринчи кунида комбинат ва бошқа бир қатор маҳаллий корхоналар ўртасида меморандумлар имзоланди. Жумладан, “Олмалиқ қуюв-механика заводи” МЧЖ билан темир йўл учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, “Carbon Polimer” МЧЖ билан фторопласт маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Apiteks” МЧЖ билан филтр матолари ишлаб чиқариш, “Gortexkomplekt” МЧЖ билан бурғилаш техникасига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича меморандумлар имзоланди.

Хусусан, кўргазмада Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан 200 дан ортиқ импорт маҳсулотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, электрон каталогларда 1 минг 500 га яқин маҳсулотлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбир якунида фаол ва ташаббускор иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди. Кўргазма доирасида “Энг намунали иштирокчи”, “Профессионал ёндашув учун”, “Энг намунали кўргазма стенди” номинациялари бўйича сертификатлар топширилди. Эътиборлиси, ОКМК ҳам “Энг намунали иштирокчи” номинациясига муносиб кўрилди.

Шунингдек, бир қатор тадбиркорлар кўргазмадаги фаол иштироки, самарали ҳамкорлиги ҳамда ташаббускорлиги учун ташаккурномалар билан тақдирланди. Мазкур эътироф ва рағбатлантиришлар саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.
Кўргазмада иштирок этган ОКМК билан ҳамкорлик қилиб келаётган корхоналарнинг масъуллари фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Корхонамиз Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан кўп йиллардан буён истиқболли ва ўзаро манфаатли шериклик қилиб келмоқда, — дейди “Carbon Polimer” МЧЖ бош менежери Жамшид Олимов. — “Миллий саноат занжири” кўргазмаси эса биз учун ҳар томонлама фойдали ва самарали мулоқот майдони бўлди. Кўргазма доирасида ОКМК билан фторопласт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича муҳим меморандумни имзоладик. Ушбу келишув икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, саноат тармоғида маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш кўламини янада кенгайтиради.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилаётгани биз учун ҳам янги имкониятлар очди, — дейди “Олмалиқ қуюв-механика заводи” МЧЖ раҳбари Хусен Ширинов. — Шу асосда корхонамиз томонидан саноат корхоналари эҳтиёжи учун бир қатор замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда маҳсулотларимиз юқори сифат, ишончлилик ва маҳаллий шароитларга мослиги билан ажралиб турибди. Бу эса ҳамкорларимиз ишончини мустаҳкамлаб, янги лойиҳаларда иштирок этишимизга замин яратмоқда. “Миллий саноат занжири” кўргазмаси доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар корхонамиз учун муҳим аҳамият касб этди. Кўргазма нафақат янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, балки мавжуд шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Келгусида ҳам комбинат билан ҳамкорликда маҳаллий саноатни ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида фаол иш олиб борамиз.
А. Мусаев, ЎзА