Миллий режа: Бемор болаларнинг 90 фоизи паллиатив ёрдам ва реабилитация билан қамраб олинади
Мамлакатимизда онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ҳамда ўсмирларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда қабул қилинган 2025-2035 йилларга мўлжалланган Миллий режанинг тўртинчи стратегик йўналиши бемор болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш, тиббий реабилитацияни ташкил этиш ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтиришга қаратилган.
Таҳлил ва маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 35 минг нафар атрофидаги бола паллиатив ёрдамга муҳтож деб баҳоланмоқда. Бироқ ҳозирги кунда ушбу зарур хизматлар билан қамров даражаси атиги 2-3 фоизни ташкил этади, холос. Миллий режада ушбу кўрсаткични тубдан яхшилаш ва соҳани замонавий стандартлар асосида ривожлантириш бўйича аниқ ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, Республиканинг барча ҳудудларида болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари ташкил этилиб, ихтисослаштирилган хизматлар кўлами босқичма-босқич кенгайтирилади. Бемор болаларга бевосита уй шароитида манзилли ва сифатли хизмат кўрсатиш, оғриқсизлантириш, зарур парвариш ҳамда узлуксиз тиббий кузатувни таъминловчи мобил бригадалар фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудларда 14 та тиббий реабилитация бўлимидан иборат ягона тармоқ шакллантирилади. Бу ерда замонавий физиотерапия, роботлаштирилган ва инновацион тикланиш технологиялари жорий этилади. Паллиатив ва реабилитация йўналишида фаолият юритадиган шифокорлар, ҳамширалар, психологик ёрдам кўрсатувчи мутахассислар ва ижтимоий ходимларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими ривожлантирилади. Беморларни мунтазам ва узлуксиз назорат қилиш имкониятини берувчи телетиббиёт ва масофавий мониторинг тизимлари кенг жорий этилади.
Миллий режанинг дастлабки босқичи доирасида 2030 йилга қадар паллиатив ёрдам ва реабилитацияга муҳтож бемор болаларни зарур хизматлар билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга етказиш; реабилитация босқичини ўтаган бемор болаларнинг 80 фоизини қайта мактаб таълимига қайтариш; бемор болаларнинг 90 фоизини, шунингдек, улар оила аъзоларининг 75 фоизини малакали психологик қўллаб-қувватлаш билан таъминлаш; аҳолининг 95 фоизи учун 50 километр оралиқ масофада (радиусда) паллиатив ва реабилитация хизматларидан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш мақсад қилинган.
ССВ матбуот хизмати томонидан тақдим этилган ушбу маълумотларда қайд этилганидек, мазкур Миллий режанинг амалга оширилиши оғир хасталикка чалинган болалар ва уларнинг оилаларига сифатли ва манзилли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда жамиятга қайта интеграция қилишга хизмат қилади.
М.Қосимова,
ЎзА