Миллий қадриятларимизни қадрлаётганлар
Шу кунларда юртимизда миллий қадриятларни тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар авжида. Мамлакатимизда биз – айнан ўзбекларнинг анъана ва қадриятларини қадрлаб, уларнинг тарихини, мактаблари, ривожланиш босқичларини эҳтимолки биздан-да кўра яхшироқ биладиган, ўрганган, таҳлил ва тадқиқ этган ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда, жаҳон миқёсида фаол тарғиб этаётган турли миллат вакилларининг борлиги қувонарли, диққатга сазовордир.
Ўзбекистон халқ рассоми Бобур Исмоиловнинг Artikulʼ32 санъат галереясида миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз ривожига бағишланган давра суҳбатида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Миллий қадриятларимизни ардоқловчи турли миллат вакилларидан иборат ҳамюртларимиз кўп эканидан қалбимиз фахр ва ифтихорга тўлди.
Ўзбек маданияти, этнографиясига қизиқувчи, санъатшунос ва ҳунармандлар, рассомларнинг мулоқотини уюштириб, уларни жипслаштирувчи, ҳам тадбиркор, ҳам санъат соҳасининг етук билимдони Наталья Константиновна Мусина умрини амалий санъат билан чамбарчас боғлаган инсон.

Шу билан бирга Самарқанд шаҳрида HAPPY BIRD галереясини бундан 19 йил олдин очган, миллати беларусь бўлса ҳам, ўзбек маданиятини аввал водийда тарғиб қилган, сўнг Фарғона ўлкашунослик музейида санъатшунослик соҳаси бўйича илмий ходим сифатида фаолият олиб борган Елена Ладик ҳам ана шундай миллий санъатимизнинг фидойи тарғиботчиларидан саналади.
Маълумки, ўзбек маданияти ва санъатини дунёга хорижга тарғиб этишда музейлар, балки санъат галереяларининг ҳам аҳамияти катта.
Елена Ладикнинг фикрича, юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ўзбек санъати ва маданияти билан танишиши учун галерея раҳбари нафақат яхши иш юритувчи арт-менежер, балки санъат соҳасида мукаммал билимга эга шахс, ўзи истиқомат қилаётган юртдаги халқнинг миллий урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини ҳам ҳурмат қилиши, уларни ўрганиши ва ўз ҳаётига татбиқ этиши, севиши шарт. Бу хусусий галерея соҳибининг асосий фазилати ҳисобланади. Зеро, санъатни тарғиб этиш ишига муҳаббатгина ушбу йўналишдаги соҳани ривожлантиради.
Елена Ладикнинг Самарқанд шаҳрининг Сиёб бозори ва Регистон майдони оралиғида жойлашган HAPPY BIRD галереяси фаолият олиб бораётганига ўн тўққиз йил бўлди. Еленанинг фикрича, галерея миллий ашёларни сотувчи дўкон эмас, балки ашё ва буюмларнинг тарихи, кундалик турмушда тутган аҳамияти, яратилиш тарихи, буюмнинг келиб чиқиш илдизлари тўғрисида ҳам ахборот ташувчи асосий манбадир. Бунинг учун албатта, буюмдаги безак ва нақшлар тилини ўқий олиш керак. Галерея эгаси эса бунга тўғри йўналиш бера олиши шарт ва у ушбу йўналишда чуқур билимга эга бўлиши зарур.
– Галереямизга келган ҳар бир ташриф буюрувчига наинки буюм харидори сифатида, балки, энг аввало, азиз меҳмон сифатида қараб, унга, албатта, бир финжон асл қаҳва ичишни таклиф этаман, – деди Елена Ладик. – Бу галереямиз таомилига айланган. Мен учун муҳими, галереяга кирган инсон у сайёҳ бўладими ёки ўзимизнинг юртдошларимизми, бу санъат масканидан ижобий фикр билан ортга қайтишлари керак.

Яна шуниси эътиборлики, Елена Ладик Artikulʼ32 галереясида ўтказган сайёр кўргазмасида йигирмадан ортиқ босма безак берилган кўп асрлик тарихга эга палак ва қирққа яқин миллий либос, миллий тақинчоқлар, бош кийимларни намойиш қилди.
Елена опанинг айтишича, биргина аёллар чопонини тикиш жараёнига 5-6 нафар киши жалб этилар экан. Чопон матосига босма нақш босишда самарқандлик матошунос уста жалб этилади. Тасмалар ургутлик аёллар, кашта қашқадарёлик каштадўз аёллар, қавиш ишлари фарғоналик, наманганлик чевар опа-сингилларимиз томонидан бажарилар экан. Бу орқали йигирма-ўттизга яқин инсоннинг, муҳими аёл-қизларнинг даромад топишига ҳам эришилмоқда. Елена опанинг мақсади – чевар аёл-қизларни тикиш ишларига ҳунар даражасида эмас, санъат даражасида қарашга йўналтириш ва бу жиҳатдан нозик дидини яна ҳам ривожлантиришдан, миқдорга эмас, сифатга ишлашга ундашдан иборат.

Давра суҳбати давомида яна бир инсон – санъатшунос олима Наталья Константиновна Мусина бизга Бухоро заргарлик буюмларининг Қашқадарё заргарлик буюмлари билан чалкаштирилишидаги ноаниқликлар тўғрисида маълумот берди. Заргарлик буюмининг ишланиши, унинг сайқалланишидаги оддий нақш, тошларнинг ўрнатилиш жиҳатларини тушунтирди.
Англашилмовчиликнинг юзага келишида аввал Кеш Бухоро музофотига қарагани, бироқ кейинчалик ҳудудий бўлиниш орқали Қашқадарё вилояти ташкил этилгач, бу санъатшунослик атамаларига ҳам таъсир кўрсатгани таъкидланди. Демак, санъатшунослик нафақат буюмнинг ишланиши ва унинг келиб чиқиш тарихини, балки ўлкашунослик тарихини ҳам чуқур билишни талаб қиладиган соҳадир.
Суҳбат жараёнида Дубай шаҳрида бундан ўн бир йил олдин ўз галереясини очган Наталья Андакулованинг ҳам иш фаолиятидаги жараён билан танишдик.
У галерея фаолиятида санъатшунос олима Нигора Аҳмедова доим қимматли маслаҳат ва йўналишлар бераётгани, санъатни тарғиб этиш маскани фақатгина бозорнинг талаб ва таклиф қонунига эмас, амалий санъат, санъат ва маданиятдаги янгиликлар, кашфиётларни тарғиб этиш ва бу жараёнда асосий локомотив вазифасини бажаришини алоҳида таъкидлади.
Бугун мамлакатимиздаги ҳар бир санъат галереялари соҳиблари амалий санъат соҳасида етук ва мукаммал билимга эга. Наталья Мусина Сорбонна университетининг (Франция) санъатшунослик йўналишини, Елена Ладик Санкт-Петербургдаги санъат бадиий академиясининг санъатшунослик йўналишини, Наталья Андакулова Санкт-Петербургдаги санъат ва рассомлик институтини ва ўзимиздаги санъат институтини тугатган.
Хусусий галереяларни ташкил этиш санъат, арт-менежерлик соҳасидаги юксак билимни талаб этади. Бу санъат, маданият, миллий ҳунармандчилик, мамлакатнинг ички ва ташқи туризмини ривожлантиришга хизмат қилади.
Давра суҳбатида санъатшунос олима Нигора Аҳмедова, Людмила Кодзаева, санъатшунос-журналист Нигора Умарова, гид ва бир қанча кўргазмалар куратори, бўлажак санъатшунос Мақсуд Асқаров, санъатшунос устоз журналист Борис Бабаев, Луиза Маҳмудова, Елена Ветвикова, рассом Шаҳноз Абдуллаевалар билан ўзаро фикр алмашдик.
Мамлакатимизда сайёҳликни равнақ топтириш борасидаги бугунги эзгу интилишларда миллий анъана ва қадриятларимиз, бебаҳо амалий санъатимизни асраб-авайлаб, кенг тарғиб этаётган турли миллат ва элат вакилларининг хизматлари таҳсинга сазовордир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.