Миллий қадриятларимиз намунаси
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида Тошкент вилоятида амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу муносабат билан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Ўрта Чирчиқ туманидаги “Бешбой” маҳалласида бўлиб, маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, тегишли соҳа масъуллари, маҳалла еттилиги ҳамда фуқаролар иштирок этди. Шунингдек, ZООМ платформаси орқали барча туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла раислари ҳам мулоқотга масофадан уланди.

Учрашув давомида вилоят раҳбари маҳаллалардаги ободлик ва саришталик ҳолатини танқидий таҳлил қилди. Таъкидланганидек, айрим ҳудудларда кўча ва ички йўлларнинг ҳолати, ариқ-зовурларни тозалаш, хонадонлар атрофи ва томорқалардан унумли фойдаланиш борасида ҳали ҳам сусткашлик кузатилмоқда. Ободонлаштириш фақат давлат ташкилотларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг виждоний масъулияти экани қайд этилди.
Оилалар ўз хонадонини озода тутиши, томорқани обод қилиши, кўча ва маҳалла тозалигига бефарқ бўлмаслик халқимизнинг асрлар давомида шаклланган миллий қадрияти эканини алоҳида таъкидланди. “Обод маҳалла аввало обод хонадондан бошланади” деган тамойил бугунги ислоҳотларнинг ҳам мазмунига айланиши лозимлиги қайд этилди.

Мулоқотда айрим раҳбарларнинг маҳаллаларга етарлича тушмаётгани, муаммоларни кабинетдан туриб ҳал қилишга уринаётгани ҳам танқид остига олинди. Жойлардаги ҳар бир хонадоннинг ҳолати, эҳтиёжи ва муаммосини жойига чиқиб ўрганиш, аҳолининг ишончини амалий иш билан қозониш зарурлиги айтилди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими тегишли раҳбарларга, туман ва шаҳар ҳокимларига катта йўллар бўйидаги кўчаларни обод қилиш, энг оғир маҳаллаларда ҳар бир хонадонни хатловдан ўтказиш, умумхалқ ҳашарларини ташкил этиш ҳамда меҳр-саховат тадбирларини тизимли равишда ўтказиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Шунингдек, вилоят бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича кўрик-танлов эълон қилинди.

Мулоқот якунида вилоят ҳокими маҳалла бўйлаб юриб, хонадонларга кирди ва у ердаги ободлик, томорқалардан фойдаланиш ва саришталик ҳолатини жойида кўздан кечирди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири