«Миллий қадриятлар сайли» кўтаринки руҳда ўтди
Пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» университетида 18 – ноябрь Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Миллий қадриятлар сайли» байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида университетнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Б.Аҳмедов бу каби тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Байрам тадбири қатнашчилари ўзбек жанг санъати, кураш каби кўргазмали чиқишларга гувоҳ бўлди. Шунингдек, иштирокчилар камондан отиш, стол тенниси, бадминтон каби спорт турлари бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Шу билан бирга, рассомлик ва ҳайкалтарошлик кўргазмалари ҳамда Давлат байроғи фонида катта флешмоб ташкил этилди. Китоблар кўргазмасида эса миллий қадриятларимиз ва тарихимизни ёритувчи асарлар тақдим этилди.
[gallery-20426]
Тадбир сўнггида дастурхон ёзилиб, «Дуторчи қизлар» ансамбли ва хонандаларининг куй ва наволари байрамга ўзгача руҳ ва кўтаринкилик бағишлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА