Миллий мусиқа хазинасини бойитган санъаткор
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Ўзбекистон халқ артисти, атоқли ҳофиз Фаттоҳхон Мамадалиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Фаттоҳхон Мамадалиев миллий мусиқа санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, айниқса мақом санъати равнақи йўлига умрини бахшида этган санъаткор эди.
Маълумотларга кўра, Ф.Мамадалиев 1923 йил 25 августда Андижон вилоятининг Эски Ҳаққулобод қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. Ёшлигидан мусиқа чалиш, қўшиқ айтишга иштиёқи баланд бўлган.

Фаттоҳхон Мамадалиев 1960 йил Андижон педагогика институтини тугатган. Ашула, катта ашула ва мақом йўлларини Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Умрзоқ Полвон Сайдали, уста Рўзиматхон Исабоев, Б.Файзиев, шунингдек, Абдулла Тараз ва Юнус Ражабий каби устозлардан ўрганган.
Ўз даврида Фаттоҳхон Мамадалиев Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Избоскан туманларида маданият саройлари қошида мақомчилар ансамблини ташкил қилган эди.

У 1944—1960 йилларда Андижон вилоятининг турли театрларида созанда-хонанда, 1960— 1967 йилларда Андижон педагогика институтида ўқитувчи бўлиб фаолият юритган.
Фаттоҳхон Мамадалиев 1968 йили турли ўқув юртларидан, ташкилотлардан иқтидорли йигит-қизларни топиб, Андижон шаҳридаги 2-маданият уйи қошида "Мақомчилар" ансамблини ташкил қилди ва унга бадиий раҳбарлик қилди.
Ўзбекистонда 1972 йили ҳаваскор созанда, хонанда ва раққосалар учун "Марҳабо, талантлар" республика телетанлови бўлиб ўтган. Ушбу танловда Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова каби номдор санъаткорлар ҳакамлик қилган. Фаттоҳхон Мамадалиев бошчилигида ижро қилинган "Қашқарчаи мўғулчаи дугоҳ", "Соқиномаи мўғулчаи дугоҳ" энг олий – 10 балл билан баҳоланган эди.
Фаттоҳхон Мамадалиев 1983 йилдан ўзбек давлат филармонияси хонандаси, 1984 йилдан Тошкент консерваторияси ўқитувчиси ва 1992 йилдан профессор бўлган эди.

Фаттоҳхон Мамадалиев Восит Саъдулланинг "Эй тонг ели", Ҳайитбой Азимийнинг "Сўрмаса кўнгул", Ҳайдар Яҳёев қаламига мансуб "Деҳқонларим" каби қўшиқларни ижро қилган.
Санъатшуносларнинг фикрича, ҳофизнинг овози тиниқ, ширали ва дардли, овоз кўлами ва нафаси кенг, ижросига куй билан шеър узвийлиги, овоз ва чолғу имкониятларини моҳирлик билан намоён этилиши хосдир. Унинг репертуаридан Фарғона – Тошкент мақом йўллари, Шашмақом шўъбалари, ашула, катта ашула, ялла, ўзбек мумтоз ашула ва чолғу туркумлари, бастакорлар асарлари ўрин олган эди.
Ўзбек мумтоз ва замонавий шоирлари ғазаллари асосида 50 дан ортиқ ашулалар яратган. Шунингдек, шоира Нодиранинг "Оқибат", "Соғиндим", Муқимийнинг "Ким десун", Фурқатнинг "Адашганман" сингари ғазаллари Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан юксак маҳорат билан ижро қилинган.
Фаттоҳхон Мамадалиев сўнгги даврдаги туркум асарларида ўзбек мусиқа меросининг муайян намуналарини нозик жилолар билан сайқаллаштирди.
Устоз санъаткор 5 қисмли "Савти Фаттоҳхон" ашула туркумини басталаган "Қадимги Ушшоқ", "Умрзоқ Полвон Ушшоқи", "Зикри Ушшоғи" мақом йўлларини тиклаган.
–Фаттоҳхон Мамадалиев билан 15 йил бирга ишлаганимдан жуда фахрланаман, – деди мусиқашунос олим Равшан Юнусов. – Сабаби, бастакор аслида ким, ҳофиз ким, чолғу йўлини бекаму кўст, мукаммал билар эдилар.
Дарҳақиқат, Фаттоҳхон Мамадалиев бетакрор ижроси, дардли, мунгли овози, катта мусиқий мероси билан санъат хазинасини бойитган эди.
Хотира кечасида атоқли санъаткор ҳаёти, ижод мактаби, фаолияти ёдга олинди.
Мумтоз мусиқа намуналаридан иборат бадиий дастур намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА