Миллий мерос ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Азалдан Бухоро нафақат илм-фан ва маданият маркази, балки бетакрор ҳунармандчилик анъаналари билан ҳам дунёга машҳур бўлган муқаддас заминдир. Заргарлик, зардўзлик, кулолчилик, наққошлик, гиламдўзлик каби ноёб ҳунар турлари асрлар давомида халқимизнинг маънавий бойлиги ва миллий ўзлигини намоён этиб келмоқда. Бугун Янги Ўзбекистонда ана шу бой меросни асраб-авайлаш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳани замонавий иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Айниқса, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ҳунармандчиликни ривожлантириш, соҳада бандликни таъминлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларни асраш ва ҳунарманд маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳунармандларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, енгил кредитлар ажратиш, экспортни рағбатлантириш ҳамда рақамли савдо имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш масалалари “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят Кенгаши депутатлари, Ҳунарманд уюшмаси вилоят бошқармаси масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирок этишди. Унда Бухоро вилоятида ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ҳолати таҳлил қилиниб, соҳада эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Муҳокамалар давомида ҳунармандларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш режаларини тўлиқ бажаришда тижорат банклари масъулиятини ошириш, ҳар бир маҳаллада камида биттадан ҳунармандчилик лойиҳасини амалга ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни миллий ҳунарларга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ҳунармандларни экспорт фаолиятига фаол жалб қилиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, логистика хизматларини ривожлантириш ҳамда электрон тижорат ва рақамли савдо платформаларидан самарали фойдаланиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳунармандчилик фақат миллий меросни сақлаш воситаси эмас, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, туризм салоҳиятини юксалтириш ва мамлакат экспорт ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилаётган муҳим иқтисодий йўналишга айланмоқда.

Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш, масъул ташкилотлар фаолиятини янада мувофиқлаштириш ҳамда мазкур масалани Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири