Миллий фильмлар танлови ғолиблари тақдирланди
Аввал хабар қилинганидек, "Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир очилиши аввалида анъанавий қизил йўлакдан ўтиш тадбири ҳам ўтказилди.

300 нафарга яқин кино санъати вакиллари сафида франциялик машҳур актёр, ўзбек томошабинларига «Такси» фильмидаги роли билан таниш бўлган Фредерик Дифенталь иштироки ва концерт дастурида туркиялик машҳур хонанда Айла Челик ижросини томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олди.
Аҳамиятлиси, тадбирда Миллий фильмлар танлови ғолиблари эълон қилинди ва тақдирланди.

Унга кўра, «Энг яхши актёр» номинациясида «101-рейс» фильмидаги роли билан Ҳошим Арслонов ғолиб, деб топилди.
«Энг яхши актриса» номинациясида эса «Аёл қисмати» фильмидаги образи билан Раъно Шодиева ғолиб бўлди.

Шунингдек, Али Ҳамроев «Самарқандда қовун таровати» фильми билан «Энг яхши режиссёр» мукофотини қўлга киритди.

Қамара Камалованинг «Ким деяй сени» кинокартинаси эса «Энг яхши фильм» деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун кинофестивалнинг иккинчи кун тадбирлари ўтказилмоқда.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА