Президентимизнинг 2025 йил 15 майда “Президент иқтидорли фарзандлари ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ҳамда глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсад қилинганди.
Бухорода фармон ижроси доирасида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига илк бора қабул имтиҳонлари ташкил этилди.

Ўзбекистон бўйлаб сараланган 1500 нафар энг иқтидорли 9-синф битирувчилари “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури орқали жаҳондаги етакчи олий таълим муассасаларига тайёрланади.

Имтиҳонда 1400 нафарга яқин бухоролик ўқувчилар ҳам иштирок этди. Дастурга қабул бир босқичда ўтказилади. Ҳар бир ҳудудда математика ва инглиз тилидан 40 тадан савол (жами 80 балл) бериладиган тест синовлари ташкил этилади. Олимпиада ғолибларига 20 баллгача қўшимча балл, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестри аъзолари фарзандларига эса 10 балл имтиёз берилади. Ҳудудлар квотаси доирасида энг юқори балл тўплаган жами 1500 нафар ўқувчи саралаб олинади.

Маълумот учун, “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурига жорий йилнинг 31 июль кунига қадар жами республика бўйича 27789 та ариза қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.