Миллионта дарахт экиш акцияси...
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бир-бири билан яқин тушунчалар.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бир-бири билан яқин тушунчалар. Экилган турфа кўчатлар нафақат атроф-муҳитни зарарли газ ва чанглардан тозалайди, балки меваси билан дастурхонни тўкин этади.
Бухоро вилоятида янги лойиҳа – “Миллионта дарахт экиш” акцияси эълон қилингани ҳам қалбларга ўзгача қувонч улашди.
Унга кўра, 15 февралдан 15 мартга қадар туман-шаҳарлардаги турли корхоналар, ташкилот ва муассасалар ҳудудларида жами 1 миллион, шунингдек, аҳоли хонадонларида, фермер хўжаликлари далаларида 1,6 миллион туп мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, бута қаламчалари ўтқазиш мўлжалланмоқда.
Албатта, кўкаламзорлаштириш учун зарур бўлган ниҳоллар таъминоти масаласи ҳам долзарб. Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси, академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти вилоят тажриба станцияси белгиланган тартибда кўчатларни жойларга етказиб беради.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун кўчатларни тизимли етказиб бериш мақсадида турар жой массивлари, бозорлар ва бошқа қулай манзилларда кўчат сотиш нуқталари ташкил этилади.
Маҳалла раислари хонадонларни зарур ниҳоллар билан таъминлашда тадбиркорларни жалб этишга бош-қошлик қилишади. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонларга кўкаламзорлаштиришда фермер хўжаликлари саховат кўрсатадиган бўлди.
Пиллачиликда ипак қурти озуқа базаси мустаҳкамлиги муҳим аҳамиятга эга. Бунда ҳам фермер хўжаликларининг алоҳида ўрни бор. Пировард натижадан манфаат кўрадиган деҳқонлар ҳар гектар пахта майдони ҳисобига 100 тупдан тут кўчати ўтқазиш ниятида. Уларнинг ниҳолга эҳтиёжи тегишли тартибда “Бухоро Бриллиант Силк” МЧЖ, “Ромстар” қўшма корхонаси ва “Кумушкент ипаги” МЧЖ пиллачилик кластер корхоналари томонидан таъминланади.
Акция “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига киритилган ҳудудлар, маҳаллалар, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бинолар ва уй-жойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида (иҳота) манзарали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш тадбирларини қамраб олади. Бунда туман ва шаҳар марказларида архитектура ва ландшафт-дизайн талаблари асосида ҳудудга кўрк берувчи ноёб турдаги йирик ҳажмли кўчатларни экишга алоҳида эътибор қаратилади.

– Таъкидлаш жоиз, бизнинг маҳаллада ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари жадал бошлаб юборилди, – дейди Бухоро шаҳридаги Абдулхолиқ Ғиждувоний номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Навбаҳор Қорёғдиева. – Ҳар бир хонадонда камида 5-6 туп ниҳол ўтказилишидан келиб чиқиб, дастлабки босқичда 400 тупдан зиёд мевали ва манзарали ниҳоллар ўтқазилди. Бу ишда ташаббускор бўлган фаол отахонлар Замон Болтаева ва Мухтор Бақоев ўзларининг кичкина томорқаларида етиштирилган мевали ниҳолларни қўшниларига ҳам совға қилди. Кеча эса Баҳоуддин Нақшбанд ва Газли шоҳкўчалари кесишмасидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиалигача бўлган бир километр автомобиль йўл бўйини қамраб олган ҳудудда ана шундай хайрли иш амалга оширилди. Маҳалламиз ёшлари, фаоллари, бир гуруҳ ташаббускор талабалар 1000 туп мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишди. Эзгу иш давом эттирилиб, эрта-индин йўл ёқасида яна 500 туп ниҳол экилади. Эътиборли жиҳат шуки, бу кўчатларнинг катта қисми пойтахтдаги институтнинг Бухоро филиали ва ҳомийлар томонидан етказиб берилди.
Ромитан тумани маҳалларида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари авжида. Ромитан туман “Маҳалла” жамғармаси раҳбари Олим Жумаевнинг айтишича, бундан бир ойча илгари туманда бошланган ободонлаштириш ишлари борасидаги тажриба “Миллионта дарахт экиш” акциясида қўл келмоқда. Секторларга тегишли барча қишлоқларда ниҳол ўтқазишга киришилган. Шунингдек, теварак-атроф ободонлаштирилиб, дов-дарахтларга шакл берилмоқда. Ободлик, кўкаламзорлаштириш юртсевар инсонларнинг ҳаётий эҳтиёжига айланган.
Гарчи, акция “Миллионта дарахт экиш” деб номлансада, аслида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси қамрови кенг. Қолаверса, эзгу ҳаракатни яқинлашиб келаётган Наврўзга эл тараддуднинг бошланиши ҳам, дейиш мумкин.
Акция вилоят раҳбарияти эътиборида турибди. Лойиҳани амалга оширишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Экология партияси, “Маҳалла” жамғармаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ишларни ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг юритиш ва амалий ёрдам кўрсатиш масалалари билан шуғулланмоқда.