Кўп асрлик бой тарих ва бетакрор маданий хусусиятларга эга бўлган Ўзбекистон замини азалдан халқлар ва динлар ўртасидаги дўстона муносабатлар, бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ижтимоий муҳит шаклланган юрт сифатида танилган.
Айни пайтда Янги Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, ўлкамизда 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамиятлари фаолияти йўлга қўйилган.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июль бутун дунёда “Халқаро дўстлик куни” сифатида кенг нишонланади. Ҳар йили мазкур байрам диёримизда ҳам кўп миллатли халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинади.
Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим асоси” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда юртимиз вакилларидан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Россия ва АҚШ каби ўлкалардан зиёлилар, сиёсий экспертлар ва тадқиқотчи олимлар иштирок этди.
Форум аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур сана муносабати билан халқимизга йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Русланбек Давлетов йиғилганларга ўқиб эшиттирди.
Конференция ишида умуммиллий бирдамлик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кучайтириш масалалари асосий муҳокама марказида бўлди.
Қайд этиш жоиз, “Халқлар дўстлиги куни” Ватанимизда байрам сифатида кенг нишонланиши мамлакатдаги барча миллатларнинг бирлиги, қардошлиги, ўзаро ёрдам ва хилма-хил маданий меросига ҳурмат улуғланишининг яна бир далили, десак бўлади. Зеро, жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, умуммиллий ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Қизғин илмий баҳслар руҳида кечган тадбир “Янги Ўзбекистонда ягона фуқаровий ўзликни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари: умуммиллий тотувлик, бағрикенглик, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ва мустаҳкамлаш” ҳамда “Ўзбекистоннинг халқаро имижини оширишда халқ дипломатияси механизмлари аҳамияти: Хорижий давлатлар билан дўстлик ва биродарлик муносабатларини ривожлантириш, чет элдаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурияти” каби шўъбалар кесимида ўтказилди.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари Ўзбекистоннинг ягона халқи сифатида ўзларининг фаол ва фидокорона меҳнатлари билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда. Биргина давлат фуқаролик хизматида 5 мингга яқин 35 та миллат вакиллари меҳнат қилади.
Айниқса, мамлакатнинг сиёсий институтлари ҳисобланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 12,7 фоиз, маҳаллий Кенгашларда 11,2 фоиз депутатларимиз турли миллат ва элатлар вакиллари ҳисобланади. Бундай ютуқларнинг чегараси йўқ, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топганлигини кузатиш мумкин.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – ягона Ватан!” шиори остида юртимизда бўлиб ўтаётган “Дўстлик” фестивали мамлакатдаги кўп миллатли жамиятнинг якдиллиги ва ҳамжиҳатлиги, миллатлараро муносабатларнинг дўстона асосда ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодаси ҳисобланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/xPv_-UTqrWw?si=55NaSmi91Uwlwapd" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА