Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик эзгу қадриятдир
Миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик жамият барқарорлиги ҳамда тараққиётининг муҳим шартларидан биридир. Бу борада миллий маданий марказлар турли миллат ва элат вакилларини умумий мақсадлар атрофида бирлаштириш, уларнинг тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади.
Тошкент вилояти нафақат йирик саноат ва аграр ҳудуд, балки турли миллат ва элат вакиллари аҳил, ҳамжиҳат яшаб келаётган маскан ҳамдир. Бу ерда турли маданиятлар, урф-одатлар ва анъаналар ўзаро уйғунлашиб, бағрикенглик ва дўстлик муҳитининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилмоқда.
Вилоятда истиқомат қилаётган аҳолининг бир миллиондан зиёди бошқа миллат вакилларидир. Жумладан, 354 минг нафардан зиёд қозоқ, 178 минг тожик, 130 минг рус, 65 минг корейс, 34 минг татар, 19 минг қирғиз, 9 минг украин, 5 минг 800 озарбайжон, 4 минг қорақалпоқ, 3 минг туркман ҳамда 65 минг нафардан ортиқ бошқа миллат вакиллари истиқомат қилади.

Бугунги кунда ҳудудда қозоқ, тожик, корейс, рус, татар, қирғиз ва бошқа миллатлар вакилларини бирлаштирган 31 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Уларнинг 9 таси вилоят бўлинмаси, 22 таси эса туман ва шаҳар бўлимлари ҳисобланади.
Нурафшон шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, корейс, уйғур ва рус миллий маданий марказларининг вилоят бўлимлари учун алоҳида хоналар ажратилган. Бу ерда турли миллатларнинг маданияти ва миллий қадриятларини намоён этувчи музей ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, Немис миллий маданий маркази Тошкент туманида, Татар миллий маданий маркази Янгийўл туманида, “Суғдиёна” тожик миллий маданий маркази эса Чирчиқ шаҳрида фаолият олиб бормоқда.
Мазкур марказларнинг асосий вазифаси миллий тил, урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш билангина чекланмайди. Улар турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш, ёшларда бошқа халқларнинг маданияти ва қадриятларига ҳурмат туйғусини шакллантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Вилоятда миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ўтказиладиган “Дўстлик наволари” фестивали турли миллат вакилларини бир саҳнада жамлайдиган муҳим маданий тадбирлардан бирига айланган. Хусусан, Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарларида ўтказилган сўнгги фестивалларда қозоқ халқининг дўмбираси, корейсларнинг аранг рақси ва ўзбек карнай-сурнайлари садолари ўзаро уйғунлашиб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни намоён этди.
Оҳангарон ва Янгийўл туманларида ташкил этилган “Дўстлик ошхонаси” ва миллий либослар кўргазмалари ҳам турли халқларнинг маданий мероси, миллий таомлари ва анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Бундай тадбирлар орқали иштирокчилар нафақат ўз миллий қадриятларини намойиш этади, балки бошқа халқларнинг урф-одатлари билан ҳам яқиндан танишади.
Миллий маданий марказлар вакиллари Наврўз, Халқлар дўстлиги куни, Мустақиллик байрами каби умумхалқ байрамларида ҳам фаол иштирок этади. Шу билан бирга, ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий байрамлари ҳам мунтазам нишонланади. Жумладан, татарларнинг “Сабантўй”, русларнинг “Масленица”, корейсларнинг “Чхусок” ва қозоқ халқининг “Амал” байрамлари шулар жумласидандир.
Миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда таълим-тарбия ва маърифий тадбирларнинг ҳам аҳамияти катта. Вилоятдаги таълим муассасаларида тожик, қирғиз ва татар миллий маданий марказлари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон — умумий уйимиз” мавзусида маҳорат дарслари ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, ҳудудда турли тилларда таълим олиш имкониятлари ҳам яратилган. Тошкент вилоятидаги 875 та умумтаълим мактабининг 161 тасида рус, 28 тасида тожик, 118 тасида қозоқ, 5 тасида эса қирғиз тилида таълим бериш йўлга қўйилган. Бу имкониятлар ёш авлоднинг она тили ва миллий маданиятини ўрганиши, шу билан бирга, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Миллий маданий марказлар фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда. Ўз миллий тили, адабиёти ва санъатини асраб-авайлаш билан бир қаторда, давлат тили — ўзбек тилини ўрганиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳам бу жараённинг муҳим таркибий қисмидир.
Зеро, миллий хилма-хилликни асраш ва ривожлантириш, турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Шоира Ахунжонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси
етакчи мутахассиси,
ЎзА