Миллатлараро тотувлик энг катта бойлик
Бухорода “Бухоро вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар тўғрисида атлас-китоб” нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ҳокимият вакиллари, миллий маданий марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тақдимотда вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов сўзга чиқди. Таъкидланишича, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг “Бухоро вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар тўғрисида атлас-китоб тайёрлаш лойиҳаси” учун ажратган 40 миллион сўм грант маблағлари ҳисобидан “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бухоро вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар тўғрисида атлас-китоб” яратилди. Бу ишда миллий маданий марказлар, давлат ташкилотлари, ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳиссасини қўшди.
Тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро ҳам қадим шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида асрлар давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маскани бўлиб келган. Бухорода маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари яшамоқда. Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам вилоятда 40 дан ортиқ миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилаётир.
[gallery-6520]
Вилоятдаги олий ўқув юртлари талабаларининг 972 нафари, битирувчиларининг 36 нафарини бошқа миллатга мансуб ёшлар ташкил этаётгани ҳудуднинг келгуси иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ушбу қатламдаги ватандошларимизнинг хизмати янада юксак бўлишидан далолат беради. Вилоятда 11 та миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда Президентимизнинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлари намунаси сифатида Бухоро шаҳрида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи” ташкил этилди. Бу ерда миллий-маданий марказларнинг самарали фаолият юритиши, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, ўз она тили ва бошқа фан тўгаракларини ташкил этиши учун барча шароит яратилган. Бугунги таҳликали замонда мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарликни ривожлантириш энг муҳим масалалардан биридир. Зеро, кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик бизнинг миллий бойлигимиз саналади.
– Миллий маданий марказларнинг миллий анъанавий маънавияти, маданияти ҳамда фаолиятини кенг ёритиш ва мерос сифатида қолдириш мақсадида атлас-китоб яратилди, – дейди Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Матлюба Бозорова. – Атлас-китоб 3 тилда яъни ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этилган. Унда вилоятдаги 11 та миллий маданий марказларнинг фаолияти олиб бораётган ишлари, уларнинг урф-одатлари ҳамда машҳур таомлари ҳақида маълумотлар ҳамда расмлар бериб ўтилган. Мазкур атлас-китоб Бухоро вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар тўғрисидаги биринчи китоб ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг нуфузини оширишга катта эътибор берилмоқда. Вилоятда қарийб уч йилдан буён “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлими фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилот томонидан қисқа фурсатда кўплаб турли тадбирлар ўтказилди. Шунингдек ташкилот миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, турли миллат ва элат вакиллари билан ҳамжиҳатлик, уларнинг урф-одатларини ҳам кенг тарғиб қилиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Ушбу китоб вилоятда фаолият олиб бораётган 11 та миллий маданий марказларнинг ўзига хос миллий ва анъанавий маданиятини кўрсатиб бериш, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ришталарини улуғлашда, эъзозлашда дўстлик кўприги бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА