Миллатлараро тотувлик – бебаҳо бойлигимиз
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро миносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон миллий университетининг амалий этнология лабораторияси билан ҳамкорликда “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишнинг илмий-назарий асослари” мавзусида илмий семинар ташкил этилди.
Семинарнинг мақсади Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини самарали амалга ошириш учун соҳадаги илмий-назарий ва амалий билимлар уйғунлигини таъминлашдан иборатдир.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш даврида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва илмий асослари яратилганлигига эътиборни қаратди.
Тадбирда сўзга чиққан экспертлар томонидан “Миллатлараро муносабатлар бўйича давлат дастурлари доирасида бажарилаётган илмий лойиҳалар таҳлили”, “Миллатлараро ижтимоий ҳамкорлик муносабатларида тил сиёсатининг илмий асослари”, “Миллатлараро тотувлик – шахслараро ҳамжиҳатлик ва инсонийликни таъминлаш воситаси”, “Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг ҳуқуқий, маданий ва диний асослари”, “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар жамоатчилик фикри кўзгусида” каби мавзуларда маърузалар ўқилиб, иштирокчилар томонидан таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.
Семинар республикамизда яшовчи миллат ва элатларнинг тарихий меросини, миллий маданий қадриятларига иззат-ҳурмат муҳитини сақлаш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик ва она Ватанга меҳр-муҳаббат, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тарихий ўтмиши ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА