Бугунги глобаллашув даврида миллатлараро ва халқаро муносабатлар мураккаб, лекин жуда муҳим масала сифатида кўзга ташланади. Миграция, маданий ихтилофлар ва глобал муаммолар кучайиб бораётган бир пайтда дунёнинг барча давлатлари учун фуқаролар ўртасида тотувлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳитини таъминлаш стратегик аҳамиятга эга.
Шу мақсадда 2011 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль “Халқаро дўстлик куни” сифатида расмий эълон қилинди. Ушбу куннинг мақсади дўстликнинг инсонлар, жамиятлар ва давлатлар ўртасидаги тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашдаги муҳим ўрнини таъкидлашдир. БМТ дўстликни нафақат шахсий муносабатлар, балки миллатлар ва маданиятлар ўртасидаги уйғунликнинг муҳим омили сифатида эътироф этди.
Халқаро дўстлик куни барча давлатлар, ташкилотлар ва фуқаролик жамиятларини дўстлик ва тинчликни тарғиб қилишга ундайди. Ушбу кунда турли маданий тадбирлар, фестиваллар, мулоқотлар ва акциялар ташкил этилиб, улар орқали аҳоли ўртасида бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик руҳи тарғиб қилинади.
Ўзбекистон кўп миллатли давлат сифатида Халқаро дўстлик кунини нишонлашда фаол иштирок этиб келмоқда. 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда бу кун “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгиланган бўлиб, турли миллат ва элатларнинг дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, шунингдек, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ушбу кунда турли маданий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар ва форумлар ташкил этиб келади.
Умуман, мамлакатимизда бу борада муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида қатъий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, 2025 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш ва умуммиллий бирдамликни кучайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Ўзбекистон кўп миллатли давлат сифатида ўз тарихи давомида турли этник гуруҳлар ва маданиятларнинг уйғунлигини таъминлашга устувор аҳамият берган. Хусусан, юқоридаги фармон мамлакатда яшовчи барча миллат ва элатларнинг умуммиллий тараққиётга дахлдорлигини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш орқали ягона фуқаровий ўзликни шакллантиришга қаратилган. Унда белгиланган вазифалар миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, дўстлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш орқали мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янги механизмларни жорий этишдир. Хусусан, “Uz Global Think” форуми ва “Ватандошлар” жамоат фонди орқали хориждаги ўзбек диаспораларининг миллий ўзлигини сақлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини мамлакат тараққиётига йўналтиришга алоҳида эътибор берилган.
Миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мазкур фармон нафақат мамлакат ичидаги миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, балки хориждаги ватандошларни Ватанга яқинлаштириш, халқ дипломатиясини кучайтириш ва давлат сиёсатида инклюзивликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, Халқлар дўстлиги куни янги Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларнинг муҳимлигини таъкидлаш, барча фуқароларнинг умуммиллий мақсадларга бирлашишини рағбатлантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди. Бу кундаги тадбирлар мамлакатдаги маданий хилма-хилликни эътироф этиш ва умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
И.Хўжахонов,
ЎзМУ ҳузуридаги “Амалий этнология”
лабораторияси катта илмий ходими
ЎзА