Миллатлар ва конфессиялараро муносабатлар – мамлакат барқарорлиги гарови
Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳот ва эврилишларда ҳам кўриш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосидаги янгиланишлар, том маънода, халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва мамлакат тараққиётида ўз бўй-бастини кўрсатмоқда.
Сўнгги тўрт йилда юртимизда биргина диний-маърифат, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётир. Бинобарин, мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга оид изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборлиси, 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили БМТ Бош Aссамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади – барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшамоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳатдир.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлаб, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, диний конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий тамойилга айланмоқда. Бу борада мустақилликнинг дастлабки кунларидан олиб борилган одилона сиёсатнинг самараси, шунингдек, халқимизнинг юксак фазилатлари сабаб бугун барча миллат ва дин вакиллари юртимизда тинч ва аҳил яшаб, ҳаёт кечирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди”.
Дарҳақиқат, Бош қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилган бўлса, 18-моддада мамлакатимизда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.
Сўнгги йилларда кўплаб соҳалар каби миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон амалиёти ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамиятида эътироф этиляпти.
2017 йил 19 майда Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та “Дўстлик” жамияти вакиллари тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшамоқда. 2276 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Хусусан, 2017-2018 йилларда мамлакатимизда 2093 та мусулмон ташкилоти қаторида 174 та ноисломий диний ташкилотлар расмий фаолият кўрсатмоқда. Тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 157 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 6 та Баҳоийлик, 1 та Кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичлар аҳоли таркибидан келиб чиқиб 2019 йилда христиан ташкилотлари сони 158 тага ҳамда 2020 йилда 166 тага ўсиб, ноисломий ташкилотларнинг умумий сони 183 тага етгани ҳам Ўзбекистонда бағрикенглик ва диний эркинлик тамойиллари нечоғлик устувор аҳамият қаратилаётганидан дарак беради.
Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 та тилда олиб борилмоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 та тилда эфирга узатилиб, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этиляпти. Юртимиздаги турли элатларнинг миллий марказлари давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида фаол иштирок этиб келади. Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ватан битта, Ватан ягона”, “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби фестиваллар миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Миллатидан қатъий назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароит яратилган. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат.
Бу жиҳат Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллатлараро муносабатлар масаласига алоҳида эътибор қаратганида ҳам яққол намоён. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни қайд этиб, БМТ Бош Aссамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган бу каби эзгу ғоялар дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳам кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд ал-Ҳусайн ўз интервьюсида бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатлараро тотувлик ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканлигини қайд этди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги тизими яратилди.
Шуҳрат Ёвқочев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор