Миллат ифтихори ва маънавий юксалиш
Бухорода буюк саркарда ва давлат арбоби, илм-фан ҳамда маданият ҳомийси бўлган Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Соҳибқирон Амир Темур – буюк саркарда, давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман юртимизда миллий меросга бўлган юксак эҳтиром, тарихий шахслар фаолиятини чуқур ўрганиш ва ёш авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Конференция вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Бухоро давлат университети ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Унда вилоят раҳбарияти вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Б.Адилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари З.Шарипов, Бухоро давлат университети ректори О.Ҳамидов барча иштирокчиларни самимий қутлаб, бундай илмий анжуманлар Амир Темур меросини ўрганиш ва унинг бой маънавий қадриятларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Улар ўз маърузаларида Соҳибқироннинг нафақат буюк саркарда, балки адолатли давлат бошқарувчиси, илм-фан ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахс сифатидаги ўрнини атрофлича ёритиб берди.
[gallery-28593]
Конференция доирасида иштирок этган олимлар ва мутахассислар томонидан Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, давлат бошқаруви тизими, ҳарбий санъат, илм-фан, маданият ва меъморчилик соҳаларидаги улкан ютуқлар юзасидан илмий асосланган фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, Темурийлар даврида юртимизда илм-фан ва маданиятнинг юксак тараққиётга эришгани, буюк алломалар етишиб чиққан давр сифатида тарихда ўчмас из қолдиргани қайд этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими ташаббуси билан нашр этилган “Темурийлар салтанати: шахслар ва тақдирлар” номли янги китоб-тўплам тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу асар Темурийлар сулоласи даврида яшаб ўтган буюк шахслар ҳаёти ва фаолиятини ёритиш орқали тарихий билимларни бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур илмий-амалий конференция Соҳибқирон Амир Темурнинг бой меросини янада чуқур ўрганиш, унинг давлатчилик анъаналари ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб этиш, айниқса, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур ва тарихга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.